Саудия Арабистони ислом динига эътиқод қилувчи россияликларнинг 2017 йилги Ҳаж квотасини 25 фоизга - 20,5 минг ўринга оширди. Бу ҳақида 31 март, жума куни Россия Мусулмонлар диний идораси (МДИ) ва Муфтийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Рушан Аббосов ТАССга берган интервьюсида маълум қилди. 

"Жорий йилда Россия Федерацияси учун белгиланган квота - 20 500 ўрин (2016 йилда - 16 400). Бунга қадар уч йил давомида Маккадаги Ал-Ҳарам масжидидаги таъмирлаш ишлари сабаб барча мамлакатлар учун ажратиладиган жойлар қисқартирилганди. Асосий ишлар тугалланганлиги боис Саудия Арабистони бу квотани қайтаришга қарор қилди", - деди агентлик суҳбатдоши. 

Аббосовнинг сўзларига кўра, квота минтақалар ўртасида тақсимланган, аккредитациядан ўтган туроператорлар эса ишлаб чиқилган дастурлар бўйича зиёратчиларни тўплашни бошлашди. Кўп жойлардан Саудияга тўғридан-тўғри авиарейслар очилган.
 
Манбага кўра, энг кўп зиёратчилар Доғистон республикасидан бўлади - у ердан анъанага кўра, 7 мингга яқин киши йўл олади. Маккага борувчилар орасида Чечен Республикаси, Москва, Татаристон, Бошқирдистон ва Сибирь аҳолиси кўпчиликни ташкил қилади. Қримдан Ҳаж сафарига йўл олувчилар сони - 300 нафар атрофида. 

Бу йил биринчи марта Петербургдан Маккага нафақат Россия фуқаролари, балки вақтинчалик рўйхатдан ўтган МДҲ давлатлари аҳолиси ҳам бориши учун имкон яратилади. 

Шуни таъкидлаш жоизки, 2017 йилдан Ўзбекистон  фуқаролари учун белгиланган Ҳаж квотаси деярли 40 фоизга оширилиб, 7200 нафарни ташкил қилган (илгари бу кўрсаткич 5200 нафар эди).