Олий лигада 4-турга якун ясалди. 30 март куни «Насаф» «Сўғдиёна» устидан йирик ҳисобда ғалабага эришган, «Бунёдкор» эса «Обод» билан дуранг ўйнаганди. Бугун яна 6 учрашув бўлиб ўтди.

«Металлург» – «Шўртан»
Бекободнинг «Металлург» клуби Ғузорнинг «Шўртан» жамоасини қабул қилди ва 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ғалаба бекободликларнинг бу мавсумдаги биринчи зафарли юриши бўлди. Жамоа 3 учрашувда 3 очко тўплаган, Шўртан эса 4 учрашувда 3 очкога эга бўлиб турибди.

«Нефтчи» – «Қўқон-1912»
Фарғона дербисида «Нефтчи» «Қўқон-1912» жамоасини қабул қилди ва сўнгги уч йилда иккинчи марта ўз уйида имкониятни бой бериб қўйди. Ушбу ўйиндаги ғалабадан кейин «Қўқон-1912» тўплаган очколар сони 7тага етди ва жамоа «Навбаҳор» билан бир хил натижа қайд этган ҳолда 4-ўринни бўлишиб турибди. «Нефтчи» эса бирорта учрашувда ҳам ғалаба қозона олмаган ҳолда 2 очко тўплаган ва 15-поғонада бормоқда.

«Динамо» – «Навбаҳор»
Олий лиганинг 4-туридан ўрин олган марказий учрашувлардан бири Самарқандда бўлиб ўтди. Унда чемпионатда пешқадамлик қилаётган «Динамо» кутилмаганда имконият бой бериб қўйди.

Учрашувнинг 15-дақиқасида Ойбек Қиличев Наумов билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб ҳисоб очганди. Ушбу гол учрашув охирига қадар ўзгармай қолди.

Натижада «Динамо» олий лигадаги дастлабки мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. Жамоа 9 очко билан ҳамон етакчилар қаторида бормоқда. «Навбаҳор» эса Олий лигадаги иккинчи ғалабасини қўлга киритди ва очколари сонини 7тага етказиб, турнир жадвалида 3-поғонага кўтарилиб олди.

«Машъал» – «Пахтакор»
«Пахтакор» Муборакда тор-мор этилди. Учрашувнинг биринчи бўлимида гол киритилмади. Игорь Сергеев томонидан киритилган гол эса офсайд бўлгани учун ҳисобга олинмади. Иккинчи бўлимни эса меҳмонлар кўтаринки руҳда ўтказишди. 70-дақиқада Искандар Шойқуловнинг 25 метрлар берган зарбасини Лобанов қайтара олмади ва ҳисоб очилди. 80-дақиқада фарқ иккита ошди. Иккинчи бўлимда майдонга туширилган Кенжа Тўраев ҳисобдаги фарқни иккитага оширган бўлса, Ҳумоюн Муртазоев ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқларада якуний натижани ўрнатди.

Шу тариқа «Пахтакор» ўз тарихида биринчи марта Муборакда йирик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. Ғалабадан кейин «Машъал» ҳисобидаги очколар сони 9тага етди ва жамоа «Насаф» ва «Динамо» билан бир хил очко тўплаган ҳолда пешқадамлардан бирига айланди. «Пахтакор» эса 4 учрашувда 4 очко тўплаб 9-ўринда бормоқда.

«Локомотив» – «Олмалиқ»
«Локомотив» йирик ҳисобда ғалаба қозонди ва пешқадамга айланди. Амалдаги чемпион «Локомотив» ўз майдонида «Олмалиқ»ни қабул қилиб, 5:0 ҳисобидаги йирик ғалабага эришди. Тошкентлик жамоаси сафида Тўхтахўжаев, Алибоев, Мирзаев, Машарипов ҳамда Бикмаев биттадан гол уришди.

Энди «Локомотив» турнир жадвалида 9 очко билан биринчи ўринда. Жамоа иккинчи ўриндаги «Насаф»ни тўплар нисбатига кўра ортда қолдирмоқда.

«Қизилқум» – «Бухоро»
«Бухоро» сафарда «Қизилқум»ни кичик ҳисобда таслим этди. Ўйиннинг 38-дақиқасида Вейцер томонидан киритилган ягона гол бухороликлар жамоасига ғалаба келтирди.

Ўзбекистон Олий лигаси, 4-тур

«Металлург» — «Шўртан» 4:2
Голлар: Дилмурод Каримов, 2 (1:0). Сардор Собирхўжаев, 19 (1:1). Дониёр Одилов, 27 (2:1). Ислом Қобилов, 39 (3:1). Дилмурод Каримов, 57-пен (4:1). Отабек Нарзуллаев, 90+1 (4:2).

«Нефтчи» — «Қўқон—1912» 1:2
Голлар: Филипп Раевац, 19 (0:1). Шерзод Ҳакимов, 63 (1:1). Носир Отақўзиев, 79 (1:2).

«Динамо» — «Навбаҳор» 0:1
Гол: Ойбек Қиличев, 15 (0:1).
Четлатиш: Ойбек Қиличев, 76 (захирадан).

«Машъал» — «Пахтакор» 3:0
Голлар: Искандар Шойқулов, 69 (1:0). Кенжа Тўраев, 80 (2:0). Ҳумоюн Муртазоев, 90+3 (3:0).

«Локомотив» — «Олмалиқ» 5:0
Голлар: Ислом Тўхтахўжаев, 13 (1:0). Икром Алибоев, 32 (2:0). Сардор Мирзаев, 54 (3:0). Жалолиддин Машарипов, 75-пен (4:0). Марат Бикмаев, 90 (5:0).

«Қизилқум» — «Бухоро» 0:1
Гол: Ивор Вейцер, 38 (0:1).