Социологларнинг маълумотларига кўра, сайловолди пойгасида бош вазир Александар Вучич етакчилик қилмоқда.

Сербия президенти лавозими учун кураш олиб бораётган ўн бир нафар номзод 31 мартга ўтар кечаси сайловолди ташвиқотларига якун ясашди — 31 март ва 1 апрель кунлари мамлакатда жимлик кунлари ҳукм суради ва унда ҳар қандай сайловолди ташвиқоти ман этилади.

Белград кўчаларидан ва Сербиянинг барча аҳоли пунктларидан сўнги ҳафталарда кўзни қамаштириб турган ташвиқот плакатлари олиб ташланди. Сербия давлат байроғи ранглари бўлмиш оқ, кўк ва қизил рангларнинг турли вариантларидан барча ташвиқот кампанияларида фойдаланган ва уларни бир бирига жуда ўхшаш даражага келтириб қўйган эди

Ушбу сайловларнинг аввалгилардан фарқли тарафи видеороликлардан кенг фойдаланиш бўлди ва YouTube видеохостингида юз минглаб, айримлари ҳатто миллионлаб марта томоша қилинди. Ҳозирча вдеоролик эгалари ушбу ташвиқотларини қонунни ижро этиш йўлида ўчириб ташлашга кўп ҳам шошилишаётгани йўқ.

 

Ҳаммаси ҳал бўлган — кутамиз

Сербия пойтахти кўчаларида оммавий юришлар, намойишлар ёки акциялар кузатилмаяпти.

ТАСС мухбири гапга олган таксичи Небойшанинг сўзларига кўра, бунга сабаб ҳаммаси ҳал қилиб бўлинганидир: "Ким ғалаба қозонишини ҳамма тушуниб турибди, ҳаммаси тушунарли ва ҳал бўлган. Шунинг учун пича кутсак, иккинчи тур бўлиш-бўлмаслигига гувоҳ бўламиз, гарчи натижа кутилганидек бўлса ҳам". "Мен ўзи умуман сиёсатга қизиқмайман", — дея қўшимча қилган таксичи.

Талаба қиз ТАСС мухбири билан суҳбатда "ғолибнинг исмини билиши"ни айтган, шу сабабли сайловда қатнашмоқчи эмаслигини билдирган. "Мен учун асосийси ҳозир ўқиш ва иш, сиёсатга эса тобим йўқ", — деган у.

 

Номзодлар учун сўнгги имконият

Президентликка номзодлар сайловолди кампаниясининг сўнгги кунида ҳам ташвиқот ишларини давом эттиришди. Пойга фаворити, бош вазир Александар Вучич пенсионерлар билан учрашди ва уларнинг серб жамиятининг асоси дея баҳолади. "Сизлар — давлат сўнгги йилларда таянган устунсизлар, ҳамон сизларга таянамиз. Бу гапларни сизларнинг ишончларингизни қозониш учун айтмаяпман, чунки бунга эга эканлигимни биламан, шунчаки сизларга миннатдорчилигимни билдириб қўймоқчиман", — деган бош вазир.

Сербия радикал партияси етакчиси Воислав Шешел сайловчилар учун видеоролик суратга олиб, "шундай танлов қилингки, кейин афсусланманг", дея мурожаат қилган. Сербия демократик партияси номзоди Александар Попович ўтмиш сиёсатчиларидан кўмак сўраб мурожаат қилган: телевидение унинг собиқ президент Воислав Коштуница билан сайрларини намойиш этган.

Собиқ ташқи ишлар вазири Вук Еремич Смедерево шаҳрида сайловчилар билан учрашар экан, "мамлакатга олдинги обрўсини қайтариш"ни ваъда қилган. Сўровномалар бўйича пойгада иккинчи ўринда бораётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича омбудсмен Саша Янковични қўллаб таниқли серб актёри Сергей Трифунович чиқиш қилган.

 

Кучлар тақсимоти

Социологларнинг маълумотларига кўра, Александар Вучич сайловолди пойгасида ишончли тарзда етакчилик қилмоқда. Уни қўллаётганлар даражаси ҳали 50 фоиздан тушган эмас, боз устига, у Москвага ташриф буюриб, Владимир Путин билан учрашгач, тезда ўса бошлади. Аксарият сўров марказлари иккинчи ўринни "Қўрқмас Сербия" фуқаролар гуруҳи томонидан илгари сурилган номзод Саша Янковичга бермоқда. У 12 фоиз овоз жамғариб, иккинчи турга ҳам ўтиши мумкин, агар бунга зарурият туғилса. Учинчи ўринда 8,8 фоиз овоз билан собиқ ташқи ишлар вазири Вук Еремич бормоқда. Тўртинчи ўринда кўпроқ Любиша Прелетачевич Белий тахаллусли пародиячи номзод Лука Максимович бормоқда. Унга 7,47 фоиз сайловчилар, асосан ёшлар овоз бермоқчи.

Сўровларга кўра, Вучични 50 ёшдан ошган, ўрта ёки умумий маълумотга эга, мамлакат шарқи ва жанубий-шарқида яшовчи фуқаролар қўллашмоқда. Саша Янковични пойтахт Белградда кўпроқ қўллашмоқда, унинг тарафдорлари 40–50 ёш орасидаги олий маълумотли инсонлардир. Еремичнинг аудиторияси Янковичникидан 10 ёшга кичикроқ, булар университетда таълим олган инсонлар ва талабаларнинг аксариятидир.  Собиқ ташқи ишлар вазирини мамлакатнинг ғарби ва марказидаги аҳоли кўпроқ қўлламоқда.

 

Шароитлар яратилган

Фуқаролар якуний қарорга келадиган қолган икки кунда сўнгги ташкилий масалалар ёпилади. Республика сайлов комиссиясидан хабар беришларича, 8.523 сайлов участкаси очилади, уларнинг 90 таси Косово ва Метохия мухтор ўлкасида жойлашган. Сайловда, шунингдек, серб диаспораси вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин, — улар учун 32 давлатда 53 та сайлов участкаси хизмат кўрсатади.

Қуръа натижаларига кўра, сайлов бюллетенларида биринчи бўлиб Саша Янкович ("Қўрқмас Сербия" фуқаролар гуруҳи), 2-рақамда собиқ ташқи ишлар вазири Вук Еремич ("Янада яхшироқ бўлиши лозим" фуқаролар гуруҳи), 3-ўринда Халқ озодлик ҳаракати номзоди Мирослав Парович, 4-рақамда - "Етар!" ҳаракати етакчиси Саша Радулович, 5-рақамда "Белий - фақат кучли" сиёсий пародия ҳаракати етакчиси Лука Максимович, 6-рақамда амалдаги бош вазир Александар Вучич, 7-рақамда "Эшиклар" ҳаракати етакчиси Бошко Обрадович, 8-рақамда Сербия радикал партияси етакчиси Воислав Шешел, 9-рақамда Сербия демократик партияси номзоди Александар Попович, 10-рақамда Чаетина муниципалитети раҳбари Милан Стаматович, 11-рақамда Воеводина социал-демократлар лигаси раиси Ненад Чанак исмлари келтирилади.