Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 7 апрель куни Ўзбекистонга келади. Россия ТИВ расмийси Мария Захарова брифинг чоғида маълум қилишича, у Тошкентда бўлиб ўтадиган МДҲ ТИВ Кенгаши йиғилишида иштирок этади.

Тошкентда бўлиб ўтадиган мазкур йиғилиш 2017 йилда режалаштирилган Ҳамдўстлик олий органларининг энг муҳим йиғилишларидан бири ҳисобланади.

Йиғилишда вазирлар давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги кенг миқёсдаги масалалар ва Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг ташқи сиёсий йўналишларини муҳокама қилишади. Шунингдек, кун тартибида турган долзарб ташқи сиёсий муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари мусулмон, христиан ва бошқа дин вакилларига нисбатан камситиш ва тоқатсизлик қилинишига йўл қўймаслик ҳақида қўшма баёнот қабул қилишлари МДҲ ТИВКнинг бўлажак йиғилиши диққат марказида бўлиши кутилмоқда.

Кун тартибидан шунингдек, МДҲ мақомини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишлар, унинг органлари иш самарадорлигини ошириш масаласи муҳокамаси жой олган.

Вазирлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини ҳам кўриб чиқиши кўзда тутилган.