21 март куни Тошкент шаҳрида ғаройиб ўғирлик содир этилди. Шу куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабаси севган қизининг олдида мақтаниш учун жиноятга қўл урди. Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган матбуот брифингида маълум қилинишича, ўғри талаба Chevrolet Captiva автомашинасини ўғирлаган. 

Наврўз байрами кенг нишонланаётган куни Тошкент шаҳри ИИББга Captiva машинаси ўғирлангани ҳақида хабар келиб тушган. Тезкор қидирув ишлари чоғида автомобиль ўғриси ушланган. Маълум бўлишича, у Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг 24 ёшли талабаси бўлган. Ўғриликни содир этган ёш йигитнинг сўзларига кўра, яхши кўрган қизи шундай машинада шаҳар айланишни жуда ҳам хоҳлагани учун жиноятга қўл урган. 

Ҳозирда, тергов жараёни давом этмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил охиридан Ўзбекистонда автомобиль ўғирлиги ва фирибгарлик учун жиноий жавобгарлик қатъийлаштирилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддасига мувофиқ, транспорт воситасини биринчи марта ўғирлаганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин. 

Айни жиноят такрорий ёки хавфли рецидивист, бир гуруҳ шахслар томонидан аввалдан тил бириктирган ҳолда ёхуд куч ишлатган ё бўлмаса куч ишлатиш таҳдиди билан содир этилса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлашга асос бўлади. 

Ўғрилик хавфли рецидивист ёки жиноий гуруҳ томонидан транспорт воситасини ўғирлаш мақсадида босқинчилик орқали амалга оширилса 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этишга сабаб бўлади.