Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида 31 март - 2 апрель кунлари дзюдо бўйича халқаро Гран-При турнири бўлиб ўтади. Нуфузли мусобақада дунёнинг тўрт қитъасининг 36 та мамлакатидан ташриф буюрган 251 нафар спортчи ғолиблик учун кураш олиб боради. 

Тбилиси Гран-Присида Ўзбекистон терма жамоаси шарафини 13 нафар ҳамюртларимиз ҳимоя қилишади. Булар: -60 кг: Дониёр Султонбоев ва Муҳриддин Тиловов, -66 кг:   Баҳром Иноятов ва Сардор Нуриллаев, -73 кг: Ғиёсжон Бобоев ва Мирзоҳид Фармонов, -81 кг: Шарофиддин Болтабоев ва Давлат Бобонов, -90 кг: Муҳаммадкарим Ҳуррамов ва Шаҳзодбек Собиров, -100 кг: Бекмурод Олтибоев ва Сойиб Қурбонов, +100 кг:  Болтабой Болтаев. 

Бугун мусобақада эркаклар ўртасида -60 ва -66 кг. вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилади. Уларда Дониёр Султонбоев (-60 кг) илк баҳсда озарбайжонлик Садиғовга, Сардор Нуриллаев (-66 кг) грузиялик Газашвилига, Баҳром Иноятов (-66 кг) эса эронлик Нуризодаларга қарши татамига чиқишади. Муҳриддин Тиловов (-60 кг) эса рейтингда эгаллаб турган ўрни эвазига биринчи босқичдан жангсиз ўтиб, курашни тўғридан тўғри иккинчи босқичдан бошлайди. 

Шунингдек, яна уч нафар ҳамюртларимиз – Ғиёсжон Бобоев (-73 кг), Давлат Бобонов (-81 кг) ва Сойиб Қурбонов (-100 кг)лар ҳам рейтингдаги ўринлари эвазига дастлабки саралаш босқичидан озод этилишган ва иккинчи босқичга имтиёзли йўлланма олишган.  

Эртага -73 ва -81 вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилса, мусобақанинг сўнгги кунида оғир вазндаги полвонлар (-90, -100, +100) ўзаро куч синашади. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги Тбилиси Гран-Присида Диёрбек Ўрозбоев олтин медаль соҳибига айланган эди.