Мухолифатчи партия вакили Юнг Кванг Сук мамлакатда юз берган сиёсий ва ижтимоий ларзаларга айнан давлатнинг раҳбари айбдор эканлигини таъкидлаган.

"Тобуро" мухолифатчи сиёсий партияси собиқ президент Пак Кюн Ҳенинг ҳибсга олинганини олқишлади, деб хабар беради WTN телеканали.

"Тобуро" расмий вакили сўзларига кўра, суднинг бу қарори Пак Кюн Ҳе хатти-ҳаракатларининг "табиий интиҳоси" бўлган. "Қонун олдида барча баробар", — деган бу борада партия вакили Юнг Кванг Сук. У собиқ президентни  мамлакатда юз берган сиёсий ва ижтимоий ларзаларда айблаб, тергов унинг жиноятлари борасида "барча ҳақиқатни рўёбга чиқариши"дан умид қилаётганини билдирган.

Янги ўтказилажак президент сайловларида энг машҳур номзод Мун Же Инанинг вакили Пак Кюн Ҳенинг ҳибсга олинишини "Корея Республикаси қулаёзган биносини қайта қуриш йўлидаги илк қадам", дея баҳолаган. "Бу соғлом фикр ва адолатга интилаётган халқнинг истакларига ҳам тўла мос келади, — деган у. — Энди биз ушбу саҳифани ёпиб, соф ва ростгўй жамият қуришни бошлашимиз мумкин".

Бир вақтнинг ўзида Кореянинг собиқ етакчи Озодлик партияси (КОП) ўзи баёнотида Пак Кюн Ҳенинг ушланишини "афсусланарли қадам" эканлигини таъкидлаб, "бундай оғриқли воқеа бошқа ҳеч қачон такрорланмаслиги"га умид билдирган. 

КОПдан ажралиб чиққан "Парун" партияси суд қарорини ҳурмат қилишини, бироқ собиқ президентни ҳибсга олиш зарурияти бўлмаганини айтиб ўтган. Ташкилот Жанубий Корея сиёсий партиялари ушбу машмашадан тегишли хулосалар чиқариб олишидан умид қилаётганини билдирган. Келажакда яна шундай машмашалар юзага келмаслиги учун партия мамлакатни бошқариш тизимини қайтадан кўриб чиқиш лозимлигини билдирди.
 
Жанубий Корея ҳокимияти собиқ президент Пак Кюн Ҳе хонимни ҳибсга олган. У порахўрлик, мансабни суиистеъмол қилиш, ноқонуний босим уюштирганлик ва давлат сирларини ошкор этганликда айбланмоқда. Давлатнинг собиқ раҳбарини қўлга олиш учун ордерни Сеул шаҳри суди берган. Шундан сўнг собиқ президент судгача Корея Республикаси пойтахти жанубидаги вақтинчалик қамоқхонага жойлаштирилган.