Япониялик олимлар тадқиқотлар мақсадида 333 та китни нобуд қилдилар

Жамият 01 Апрель 2017 7437

Японияга қарашли кит овловчи кемалар Антарктикада ҳукумат томондан қўллаб-қувватланувчи экологик тадқиқотлар дастури доирасида 333 та кичик полосатик китини ўлдирган. Бу ҳақда 31 март куни ABC News телеканали маълум қилди.  

Экспедиция 4 ой давом этган ва унда 5 та кит овловчи кема иштирок этган. Унинг мақсади китларни овлашга квоталарни аниқроқ ҳисоблаш ва Антарктика денгиз экотизими ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун "биологик намуналар" олишдан иборат бўлган. Associated Press ахборот агентлигининг маълум қилишича, авваллари бундай ҳаракатларга қарши чиққанлар бу гал тадқиқотга жиддий қаршилик кўрсатишмаган. 

Китларни фойда олиш мақсадида ушлаш кит овлашни тартибга солиш ҳақидаги халқаро конвенцияга кўра тақиқланган. Бироқ шу билан бирга 1987 йилдаги халқаро келишувга кўра "китларда уларнинг ўлиши эҳтимоли бўлган тадқиқот ўтказишга" рухсат берилган. Расмий Токио қонун доирасида ҳаракат қилаётганини айтмоқда, бироқ вақти-вақти билан табиат қўриқчилари эътиборига тушмоқда: фаоллар Японияни "тадқиқот мақсадлари" баҳонасида кит овлашда айбламоқдалар. Уларнинг айтишича, тадқиқот мақсадида овланган китларнинг гўштлари дўконларда сотилмоқда.

2014 йилда Гаага суди Антарктикада кит овлашни тақиқлаган. Япония бунга жавобан режа тайёрлаб, унда китлар овланишини учдан бир қисмигача, яъни 333 та китгача камайтириш ҳамда китлар ўлдирилишини талаб қилмайдиган илмий изланишларни кенгайтиришга ваъда берган.

Кўпроқ янгиликлар