АҚШ террорчиликка ҳомийлик қилувчиларни хато талқин қилади. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили Баҳром Гасемий айтди.

"Эронни террорчиликка ҳомийлик қилишда қайта-қайта айблаш, бу ҳолатнинг молиявий ва ғоявий манбаларини, илдизларини нотўғри кўрсатиш – халқаро аксилтеррорчилик кураши бесамар эканлигининг асосий сабабидир. Бундай янглиш фикрга АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттиснинг Лондонда айтган гаплари охирги мисол бўла олади", деб айтди эронлик дипломат. 

У АҚШнинг расмий шахслари томонидан юритилаётган сиёсатни "хавфли" деб атади, чунки "бу сиёсат жаҳон аҳли фикрини янглиштиради ва террорчиликнинг асл ҳомийларини ҳимоя қилади".

"АҚШ ва баъзи бошқа давлатлар экстремизм ва ваҳобийлик тарқалишининг ҳақиқий сабабларини инкор қилиб келар эканлар, террорчиликни яксон қилишга умид қилиб бўлмайди", деб таъкидлаб ўтди Гасемий.

У Эроннинг ўзи охирги 40 йил давомида "террорчиликнинг турли кўринишлари жабрдийдаси" бўлганини эслатиб ўтди ҳамда америкалик расмий шахсларни Эронни асоссиз айблашни бас қилишга ва бунинг ўрнига "террорчилик гуруҳларига мўмай ёрдам берувчи, АҚШнинг минтақадаги баъзи иттифоқдошлари ва дўстларига" эътибор қаратишга чақирди.