2017 йилнинг 31 мартида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида «Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга икки томонлама тўқимачилик Шартномасининг амал муддати тугаганини ҳисобга олиб Битим қоидаларининг тўқимачилик маҳсулотларининг икки томонлама савдосига кенгроқ кўламда қўллаш мақсадида Битимга ўзгартириш киритиш тўғрисида Баённомани (Тошкент, 2011 йил 7 апрель) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Бу ҳақда палата ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши нафақат иқтисодий балки сиёсий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, қонун қабул қилиниши билан савдода энг қулай режим қўлланилади. 

Бундан олдин ушбу режим тўқимачилик товарларига нисбатан қўлланилмаган бўлиб, мазкур товарлар савдоси Ўзбекистон ва Европа Ҳамжамияти ўртасида тўқимачилик маҳсулотларининг савдоси тўғрисидаги шартнома билан тартибга солинган эди. Унга кўра Европа иттифоқи ҳудудида  Ўзбекистондан тўқимачилик товарларини импорт қилиш учун иккиёқлама лицензиялаш тизими амал қилган эди. Ўз навбатида, мазкур қонун ушбу шартномага қилинган ҳаволаларни тўлиқ бартараф этади.

Умуман олганда, ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш ва янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.