Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Президент девонининг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати раҳбари Т.Худойберганов иштирокида Марғилон шаҳар ҳокимлигида Марғилон шаҳри, Тошлоқ, Ёзёвон ва  Қўштепа туманлари аҳолиси вакиллари билан сайёр қабуллар ўтказилди. 

Мурожаатлардан хулоса қилган ҳолда айтиш мумкинки,  фуқаролар  турли соҳалардаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, қонунга зид бўлган кўплаб идоравий йўриқномаларни бекор қилиш, ставкаси оптимал бўлган банк кредитлари ажратиш, тадбиркорлик бўйича ноқонуний текширишларга барҳам бериш ҳақида, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти тўғрисида мурожаат қилишмоқда. 

Шу билан бирга, мурожаатларда аҳолидан уй-жой қурилиши, коммунал, транспорт ва савдо хизмати, энергия таъминотини, йўлларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам ечимлар сўралган. 

Мурожаатларда кўтарилган ҳаётий муаммоларни жойлардаги ҳокимлик ва идоралар, тегишли мутасаддилар ўз вақтида ҳал этиши чораларини кўришлари  лозим. Сайёр қабулда иштирок этган  фуқароларнинг бевосита мурожаатлари тингланди.  Мурожаатлар туман ва шаҳар ҳокимлари, мутасадди идора раҳбарлари иштирокида шу ернинг ўзидаёқ ўрганиб чиқилиб, аксариятлари ўз ўрнида ҳал этилди. Қўшимча ўрганишлар талаб этиладиган масалалар назоратга олинди. 

Фуқароларнинг уй-жой, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ер майдони, кредит ажратиш, коммунал ва ижтимоий хизматларга тааллуқли турли мазмундаги мурожаатлари кўриб чиқилар экан.  уларни бартараф этиш бўйича шаҳар ва туман ҳокимлари ва тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

   
Аҳрор Зиё, Фарғона