Россиянинг етакчи онкология маркази Андижон тиббиётчилари билан ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон 01 Апрель 2017 4924

Бугун Андижондаги вилоят онкология диспансерига Россиянинг Блохин  номидаги онкология илмий Марказининг етакчи мутахассислари   ташриф буюрди. Меҳмонлар муассасада беморлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.  

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Россия соғлиқни сақлаш вазири томонидан келишилган битимга асосан Республика онкология илмий Маркази ва Россия онкология илмий марказлари ўртасида меморандум имзоланган бўлиб, ушбу ҳужжатга асосан ҳамкор давлатнинг етакчи мутахассислари юртимизнинг барча вилоятларида маҳорат дарслари ўтмоқдалар. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда мавжуд онкология тизимини ўрганиб чиқишдан иборат. 

- Февраль ойида имзоланган келишувларга асосан икки давлат мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда саратон касалини даволашда янги технологиялардан фойдаланиш борасида биргаликда иш олиб бориш режалаштирилган,- дейди Блохин номидаги онкология илмий-маркази етакчи мутахассиси Денис Рябчиков. – Ҳамкорликда олиб борилажак ишлар икки давлатда онкологик касалликлар аниқланган беморларга тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қилади. Бунинг самарасида кўплаб беморларнинг ҳаёти сақланиб қолади деган фикрдамиз.

Муассаса ходимлари билан бўлиб ўтган йиғилишда Республика онкология илмий Маркази халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Яҳё Зияев ташрифдан кўзланган мақсад ва келажакда амалга оширилиши кўзда тутилаётган ишлар ҳақида тушунча бериб ўтди. Андижон вилоят онкология диспансери водий вилоятларига хизмат қилувчи Марказга айлантирилади.         

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Кўпроқ янгиликлар