Қариндош-уруғчилик Оқ уйда ҳам бор: Иванка Трамп отасининг олдида ишлайди

Жаҳон 01 Апрель 2017 11559

Иванка Трамп расман АҚШ президенти маслаҳатчиси лавозимини эгаллади.

АҚШ президентининг қизи Иванка Трамп Оқ уй раҳбарининг маслаҳатчиси расмий мақомига эга бўлди. Бу АҚШ тарихида давлат раҳбарининг яқин қариндоши унинг маслаҳатчиси этиб тайинланганига мисол бўлувчи илк ҳодиса. Бу йил ҳукуматдагиларга қариндош-уруғларини лавозимларга жойлаштиришни тақиқловчи махсус қонун қабул қилинганига 40 йил бўлади, бироқ қонун АҚШ президентига таъсир қилмайди.

Отасининг сайловолди кампанияси даврида унга ёрдам берган Иванка Трамп энди расман президент маслаҳатчиси ҳисобланади. Оқ уйнинг ўзи бу ҳақда расман хабар тарқатган. Энди Америка президентининг қизи унинг мамлакат раҳбарияти билан йиғилишларида ҳамроҳ бўлади, бунинг учун унга махсус рухсатнома ҳам берилади. Иванка Трампнинг айтишича, у "барча федерал хизматчилар бўйсунувчи қоидаларга амал қилиш учун" Оқ уйнинг ходимаси бўлган.

Трамп хонимнинг айтишича, у бу ишида текинга ишлаб беради. Ўзининг янги роли мисли кўрилмаган воқеа бўлишини ҳам у алоҳида қайд этиб ўтди.

Президентнинг фарзандлари Оқ уйда расмий иш бошлагани АҚШнинг энг янги тарихида шу пайтгача учрамаган эди. Бироқ, экспертлар Трамп президентлигининг ўзи ҳам одатдагидан ўзгача, дея баҳолашмоқда, чунки у президентлик маъмуриятининг кўплаб ёзилмаган қонунларини мудом инкор этиб келмоқда.

The New York Times газетасининг ёзишича, Иванка Трампнинг бу лавозимга тайинланиши "Трамп учун куёви ва қизининг хайрихоҳлиги қай даражада муҳим эканлигини формал тан олиш" эканлигини билдиради.

Шундай қилиб, президент Трампга энди унинг ўзидан фарқли равишда, миграция ва озчиликлар ҳуқуқлари масаласида либерал қарашларга эга бўлган эр-хотин Трамп-Кушнер жуфтлиги маслаҳат бериб туради.

Боз устига, уларнинг иккиси ҳам Демократик партия сайловчилари ҳисобланишади. Бу эса  Дональд Трампнинг жамоасида Стив Бэннон каби ультраконсерватив маслаҳатчиларига қарши мувозанатни тиклайди.

 

Шуҳратпарастлик намойиши

Оқ уйда қариндошларнинг ишга олинишига расман тақиқ йўқ, чунки президент ҳокимиятнинг бошқа бўғинидаги мулозимлардан фарқли ўлароқ, лавозимга тайинланишида алоҳида эътиборга молик ҳуқуқлар билан таъминланади.

Бу ҳақда январь ойида Трампнинг куёви Жаред Кушнер маслаҳатчи этиб тайинланганлиги қонунга мос келиш-келмаслиги ҳақидаги масала кўтарилганда АҚШ адлия вазирлиги маълум қилган эди.

Трампнинг ортодоксал яҳудий ҳисобланувчи куёви яҳудийлар орасида Трампнинг  таклифларини илгари суришда ўз алоқаларидан фойдаланади.

Оқ уйга  қадам босишидан аввал Кушнер кўчмас мулк савдоси билан фаол шуғулланган, шунингдек, The New York Observer журнали ношири ҳисобланар эди.

Нашрдаги Кушнернинг собиқ ходимларидан бири у билан боғлиқ бир воқеани эсга олади: Кушнер Apple фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган қимматбаҳо ноутбукдан фойдаланар, бироқ унга Windows операцион тизими ўрнатиб олган экан. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Кушнер учун биринчи галда ўз шуҳратпарастлигини намойиш этиш муҳимроқ.

Қайд этиш лозимки, Кушнер Америка Конгрессининг разведка бўйича қўмитасига Трамп сайловолди штаби ходимларининг Россия банклари вакиллари, шунингдек, Россия элчиси Сергей Кисляков билан учрашгани борасида кўрсатма берган инсонлардан бири. Президент куёви ёпиқ режимда гувоҳлик берган, бироқ эшиттиришлар жараёни билан таниш манбанинг қайд этишича, Кушнер Путин билан музокара олиб боришга кўмак бериши мумкин бўлган инсонни ахтарган.

Газета.Ru билан суҳбатда "Қора оққуш: Дональд Трампнинг сиёсий таржимаи ҳоли" китоби муаллифи публицист Кирилл Бенедиктов "Кушнер Иванкага кучли таъсир ўтказа олади, ўз-ўзидан қайнотасига ҳам", дея таъкидлаган.

Экспертнинг фикрича, янги президент маъмуриятида Трампнинг катта маслаҳатчиси ҳисобланувчи Кушнернинг зиммасига бир нечта вазифа юкланган. Масалан, Кушнер Оқ уйнинг Хитой, Мексика ва Канада билан ҳамжиҳатлигига жавоб беради. Афтидан, у Фаластин-Исроил можаросини тартибга солиш масалалари билан ҳам шуғулланади, яқинда эса Оқ уйда тузилаётган янги структура — Америка инновациялари бошқармаси бошлиғи ҳам этиб тайинланди.

"Кушнернинг лавозим устига лавозимлар билан таъминланиши Трампга қарши ОАВларда танқид тўлқинини келтириб чиқарди. Энди Иванка Трамп Оқ уйнинг ғарбий қанотида маош олмай ишловчи маслаҳатчи этиб тайинланганидан сўнг, бу танқидлар янада кучаяди", — дейди эксперт, Иванка илгарироқ АҚШ президенти маъмуриятида ишламоқчи эмаслиги, "фақат президент қизи бўлиб қолишни мўлжаллаётгани"ни айтганини эслатар экан.

Энди Иванканинг рақиблари уни ёлғончиликда айблай бошлашади, дея башорат қилмоқда Бенедиктов: "Бу эса, шубҳасиз, тобора тезлаша борадиган айблов кампаниясининг бошланиши бўлади".

 

Сиёсатдаги ошна-оғайнигарчилик

Иванка Трамп президент-отанинг маслаҳатчисига айланган илк қиз эмас. Тарихда Клод Ширак — Франция президенти Жак Ширакнинг қизи — воқеаси ҳам машҳур: у отасининг матбуот билан алоқаларини назорат қилар, президентни журналистлар билан алоқа қилишдан қизғанар эди. Ширакнинг ўзи қизи билан президентлик кампаниясига боғлиқ турли мавзуларда маслаҳатлашар эди. Жак Ширакнинг ўз маслаҳатчиларига берадиган севимли саволи: "Бу борада Клоднинг фикри қанақа?" эди.

Россия президенти Борис Ельциннинг қизи Татьяна Дьяченко ҳам Клод Ширак тажрибасидан фойдаланган. У ҳатто отасининг 1996 йилги президентлик кампаниясида ёрдам бериш учун Францяига атайлаб бориб, Клоддан иш ҳам ўрганиб келган.

Россия биринчи президенти Борис Ельциннинг беваси Наина Ельцинанинг Газета.Ru’га га билдиришича, Ельциннинг ўзи қизидан ёрдам сўраган.

"Жуда мураккаб сайловолди пойгаси кузатилаётган эди, унинг сайловолди штабида жанжал юзага келди ва Борис ёнида ўзи тўлиқ ишониши мумкин бўлган инсонга эҳтиёж сеза бошлади. Бироқ Танянинг ўзи ҳеч қачон сиёсий ишлар билан шуғулланишни хоҳламас эди", — деган собиқ биринчи хоним.

Сиёсий шарҳловчи, американист Михаил Таратута Иванка Трампни "Татьяна Дьяченконинг америкача варианти", деб атайди.

"Бу Дональд Трамп истаганича ишониши мумкин бўлган бир инсондир, албатта, Трампнинг ҳолатида бошқа бундай одамни топиш жуда қийин. У отасининг ишончли кўзи, ва эҳтимол, соғлом ақли бўлади. Гарчи юзаки қаралганда бу классик непотизм (ҳокимиятдаги қариндош-уруғчилик) каби кўринса-да, пировардида бу Трамп учун ҳам, Америка учун ҳам фойдали бўлиб чиқиши мумкин", — дейди Газета.Ru’га Таратута.

Иванка Трампнинг Оқ уйга келиши унг ўз сиёсий карьерасини бошлашга ёрдам бериши мумкин, АҚШ президенти маъмуриятида ишлаш унга бундай имкониятни тақдим этади ҳам. Лекин бу ҳақда гапиришга ҳали эрта.

"Ҳаммаси Иванканинг ўзига боғлиқ. Асосийси у "генерал хоним"га айланиб, ҳаммага буйруқ беришни бошлаб юбормаса бўлгани", — дейди Рузвельт номидаги фонда раҳбари Юрий Рогулев.

Экспертнинг фикрича, бизнесдан чиққан Трамп сиёсий доираларда таянчга эга эмас, шу сабабли жамоага Иванканинг жалб этилиши у фақат қариндош-уруғларидан иборат ўз кучларигагина ишониши мумкинлигидан далолат беради.

Бу вазиятда эксперт Трамп ўз қариндошларини давлат хизматига жойлаштирган америкалик илк сиёсатчи эмаслигини қайд этади. Билл Клинтон АҚШ президенти бўлган пайтларда унинг рафиқаси Ҳиллари Клинтон мамлакатнинг биринчи хоними сифатида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш билан шуғулланган.

1960-йилларда президент Эдвард Кеннеди маъмурияти амалда бўлган чоғларда унинг акаси Роберт АҚШ адлия вазири этиб тайинланган. Американинг The Nation журнали ўшанда бу тайинловни "мамлакат шу пайтгача бошдан кечирган ошна-оғайнигарчиликнинг энг яққол мисоли", дея баҳолаган.

Бундай воқеаларнинг келгусида такрорланмаслиги учун 1967 йилда Линдон Жонсон маъмурияти ҳокимият тепасига келгач, ҳокимиятда қариндош-уруғчиликни тақиқловчи қонун қабул қилинган эди.

Қонунда ёзилишича, давлат хизматчиси ўзи хизмат қилаётган структурада қариндошини ёллаш, унга ёрдам бериш ва карьерасини илгари суришга ҳақли эмас.

Иванка Трамп ва унинг турмуш ўртоғи Трамп жамоасидаги ягона қариндошлар эмас. Трамп ҳукуматидаги транспорт вазири Элэйн Чао сенат кўпчилиги етакчиси Митчем МакКоннеллнинг рафиқаси ҳисобланади, бироқ бу вазифа манфаатлар тўқнашуви таърифига унчалик мос келмайди, чунки улар формал жиҳатдан иш юзасидан бир-бирларига боғлиқ эмас.

Кун янгиликлари
Абитуриент ҳикояси: “Мен ўқув маркази томонидан алдандим”
10:34 / 20.08.2017 30145 Lifestyle
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 42374 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 158870 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 45035 Lifestyle
Илон Маск БМТдан жанговор роботларни тақиқлашни талаб қилмоқда
Коалиция бомбалари остида 80 нафар суриялик ҳалок бўлди
00:27 875 Жаҳон
РФПЛ. «Ростов» «Краснодар» билан дуранг ўйнади, Шомуродов захирадан майдонга тушди
00:23 465 Спорт
Ҳафта дайжести: 50 минг сўмлик пул, мактаб формаси, бепарво МИБ, қотил ушланди, кирилл-лотин машмашаси, Барселонадаги теракт...
00:16 2066 Жаҳон
Бундеслига. «Боруссия» М ғалаба қозонди, «Айнтрахт» дуранг ўйнади
00:13 188 Спорт
Эрдўған Ғарбнинг Яқин Шарқдаги сиёсатини танқид остига олди
00:02 907 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар