АҚШ президентининг катта маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер давлат хизматида ишлаш учун аввал турли компанияларда эгаллаган 266 та турли лавозимидан кетишга мажбур бўлди. Бу ҳақда 31 март куни Оқ уйдаги махсус брифингда АҚШ маъмурияти вакили маълум қилди. 

Вакил ҳозирда Трамп атрофида бўлган ва яқинларгача турли хусусий компанияларда ишлаган барча одамлар аввалги лавозимларини тарк этишганини тасдиқлади. Улар шунингдек ўзлари ишлаган компанияларнинг қимматбаҳо қоғозларидан халос бўлишмоқда. Вакил мисол сифатида, 35 ёшли Кушнер Оқ уйга келишидан аввал турли компанияларда эгаллаган 266 та лавозимини ташлашига тўғри келганини айтган. Вакилнинг айтишича, Трамп маслаҳатчиси ва Миллий иқтисодий кенгаш директори ва яқиндагина Goldman Sachs банки президенти бўлган Гэри Кон 120 кун ичида банк қимматбаҳо қоғозларидаги шахсий маблағларини олиб чиқиб кетади.

Брифинг бошловчиси АҚШ маъмуриятида қанча миллиардер борлиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан қочган. "Бунга турлича йўллар билан қараш мумкин", деб айтган бошловчи.

Оқ уй муҳим ходимларининг даромадлари ҳақида маълумотларни чоп этишни бошлади. АҚШ ҳукумати маъмуриятда юқори лавозимларни эгаллаётган, аввал йилига 161755 доллар ва ундан кўпроқ пул топган ходимлар ҳақида маълумотни ошкор қилишга ваъда берган.