Тарихий 228-Ливерпуль дербиси, Евромавсумнинг икки омадсиз мураббийлари иштирокидаги тўқнашув билан безатилган Англия Премьер-лигасининг 30-тури бугун старт олади. Tribuna.Uz дунёнинг энг томошабоп чемпионати анонси билан таништириб ўтади.

«Ливерпуль» - «Эвертон» (1 апрель, 16:30, UzReport, Матч! Футбол 1)

228-марта ўтказилаётган дербида сўнгги йилларда бир жамоанинг яққол устунлиги кўзга ташланмоқда. «Ливерпуль» сўнгги 20та дербининг фақат биттасида «Эвертон»га имкониятни бой берган. 10та учрашувда ғалаба қозонган. 9та дуранг қайд этилган.

Йўқотишлар
«Ливерпуль» таркибида Жордан Ҳендерсон, Адам Лаллана қа Дэниел Старриж иштирок эта олишмайди. Узоқ йўл босиб келган Филиппе Коутиньо ва Роберто Фирминонинг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида қолмоқда.
«Эвертон»да даҳшатли жароҳат олган Шеймус Коулмэндан ташқари Морган Шнайдерлин, Рамиро Фунес Мори ва Жеймс Маккартилар бу учрашувда жамоасига ёрдам бера олмайди. 

«Бёрнли» - «Тоттенҳэм» (19:00)
«Бёрнли»га ўз уйида кўрсатадиган муваффақиятли ўйини ёрдам бериши лозим. Жамоа Топ-6ликда бораётган клубларга қарши уй учрашувларида фақатгина «Манчестер Сити» ва «Арсенал»га имкониятни бой берган. Аммо Дайч шогирдлари сўнгги олти учрашувдан буён ғалаба қозона олмай келишмоқда.

Йўқотишлар
«Бёрнли»да икки ойлик танаффусдан кейин Стивен Дефур сафга қайтди. Йоханн Берг Гудмундссон ҳам машғулотларда иштирок этмоқда бироқ унинг иштироки сўроқ остида қолмоқда.
«Тоттенхэм» таркибида эса Данни Роуза, Эрик Ламела ва асосий ҳужумчи Ҳарри Кейн иштирок эта олмайди. Яна бир ҳужумчи Винсент Янссеннинг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида қолмоқда.

«Челси» - «Кристал Пэлас» (19:00, Матч! Футбол 1)

«Челси» Антонио Конте бошчилигида ўз уйида кетма-кет 14-ғалабасини қўлга киритишга уриниб кўради. «Кристал Пэлас» эса бирорта ҳам тўп ўтказмасдан қўлга киритган кетма-кет учта ғалабасини давом эттиришга интилади. «Пэлас» ўтган мавсумда 1982 йилдан буён илк марта «Стэмфорд Бридж»да ғалаба қозонишни уддасидан чиққанди.

Йўқотишлар
«Челси» таркибида терма жамоа йиғинлари вақтида  бир йўла учта футболчида муаммолар пайдо бўлди: Тибо Куртуа, Эден Азар , Виктор Мозес ва Диего Костада. Аммо булардан уч нафарининг майдонга тушиши аниқроқ бўлиб турибди. Биргина Эден Азарнинг Лондон дербисини ўтказиб юбориши эҳтимоли бор.
«Кристал Пэлас» таркибида Патрик Ван Анхольт майдонга туша олмайди. Шунингдек Жеймса Макартур ва Фрэйзер Кэмпбелларнинг майдонга тушиш эҳтимоли ҳам кам. Матьё Фламинининг ҳолати яхши ва унинг ўйиндаги иштироки 50/50 баҳоланмоқда. Лоик Реми эса ижара келишуви бўйича пешқадамга қарши ўйнаш ҳуқуқига эга эмас.

«Ҳалл Сити» - «Вест Ҳэм» (19:00)
Премьер-Лига тарихида бу икки жамоанинг «Ҳалл»даги сўнгги уч учрашувда мезбонлар «болғаурарлар»га мағлуб бўлмаган — икки ғалаба бир дуранг.

Йўқотишлар
«Эвертон»га қарши учрашувда олган жазоси туфайли«Ҳалл» яримҳимоячиси Том Ҳаддлстоун учрашувни ўтказиб юборади. Майкл Доусон эса жароҳатидан тузалиб сафга қайтган.
«Вест Ҳэм» сафида эса Уинстон Рид, Педро Обианг ва Майкл Антонио майдонга туша олмайди. Жамоа сардори Марк Нобл эса кичик жароҳатдан сўнг тузалиб сафга қайтган.

«Лестер Сити» - «Сток Сити» (19:00)
«Лестер» бошқарувига Шекспир келгач, жамоа кетма-кет ғалабаларни қўлга киритди. Агар жамоа «Сток» устидан ғалаба қозонса Шекспир премьер-лигада дастлабки тўртта учрашувининг барчасида ғалаба қозонган дастлабки инглиз мураббийига айланиши мумкин. «Сток» барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда «Лестер»га сафар қилган сўнгги 8 учрашувнинг фақат биттасида ғалаба қозона олган

Йўқотишлар
«Лестер» таркибида жароҳати сабаб сардор Уэс Морган майдонга туша олмайди. Данни Дринкуотер эса яна сафга қайтган. «Сток» таркибида Чердан Шақири кетма-кет саккизинчи учрашувини ўтказиб юборади. Фил Бардсли эса дисквалификация қилинган.

«Манчестер Юнайтед» - «Вест Бромвич» (19:00, Матч! Футбол 2)

Терма жамоалар учун танаффус бошланишидан олдин «Арсенал»ни мағлубиятга учратган «Вест Бромвич» қаршисида яна бир топ-6ликдаги жамоа пайдо бўлди. Алекс Фергюсон нафақага чиққач «ВБА» «МЮ»га қарши 14 учрашувдан иборат ғалабасиз сериясига якун ясаган ва сўнгги 7 учрашувнинг 3тасида ғалаба қозоншга муваффақ бўлган.

Йўқотишлар
«Манчестер Юнайтед» учрашувдан олдин жуда катта муаммоларга дуч келди. Жароҳати сабаб бу учрашувни Хуан Мата, Фил Жонс, Крис Смоллинг ва Поль Погба, дисквалификация туфайли эса Златан Ибраҳимович ва Андер Эррера ўтказиб юборади.
«Вест Бромвич» таркибида эса Мэтт Филлипс майдонга туша олмайди. Носир Шодли ва Саломон Рондоннинг иштироки сўроқ остида қолмоқда.

«Уотфорд» - «Сандерленд» (19:00)
Ўтаётган ҳар бир ҳафта «Сандерленд»ни премьер-лига билан хайрлашишга яқинлаштирмоқда. Жамоа сўнгги турларда кўрсатадиган «сакраш»ни амалга ошира олмаяпти. Бу икки жамоанинг «Уотфорд»да кечган сўнгги уч ўйинда дуранг қайд этилган. «Сандерленд»нинг қутқарув операциясини бошлаш учун айнан мана шу омил ҳам дастак бўлиши мумкин.

Йўқотишлар
«Уотфорд» таркибида Бен Уотсон ва Валон Беҳрами майдонга туша олмайди. Себастьян Прёдл ва Трой Динининг ўйинда иштирок этиши сўроқ остида қолмоқда. «Сандерленд» таркибида Ли Каттермоул узоқ танаффусдан кейин машғулотларга киришган. Бироқ Виктор Аничебе билан бирга унинг ҳам бу учрашувда иштирок этиш эҳтимоли кам.

«Саутҳемптон» - «Борнмут» (21:30, Матч! Футбол 1)
Англиядек зич тақвимли чемпионатда сўнгги 48 кунда «Саутҳемптон»нинг 3тагина учрашув ўтказганини тақдир ҳазилига йўйиш мумкин. «Борнмут» эса март ойини ўта кўтаринки руҳда ўтказди. Учта учрашувда 7 очко жамғарган «олчалар» бош мураббийи Эдди Ҳау ойнинг энг яхши мураббийи деб топилди.

Йўқотишлар
«Саутҳемптон» таркибида ҳужумчиларМаноло Габбьядини ва Чарли Остин, шунингдек ҳимоячи Виржил ван Дийк жароҳати сабаб учрашувда иштирок эта олмайди. «Борнмут таркибида эса Тайрон Мингс дисквалификация туфайли майдонга туш олмайди. Райан Фрэйзер, Ҳарри Артер, Жуниор Станислас ва Лиса Мусса эса фитнесс тестлардан сўнг майдонга тушиш-тушмаслиги аниқ бўлади.

«Суонси» - «Мидлсбро» (2 апрель, 17:30, Матч! Футбол 1)
Ўта муваффақиятсиз ўйинлардан кейин мураббийларни алмаштирган икки жамоа ўртасидаги баҳс АПЛда жон сақлаб қолиш учун кечиши билан ҳам қизиқарли ўтиши кутилмоқда. «Суонси»да Клемент келгач натижалар кескин яхшиланди. Аммо «Мидлсбро»да ҳозирча вазият ўзгаргани йўқ. Жамоа премьер-лигани тарк этишга асосий даъвогарлардан бири бўлиб турибди.

Йўқотишлар
«Суонси» таркибида учрашувдан олдин йўқотишлар кўзга ташланмаган. «Мидлсбро» таркибида эса Жорж Фриенд ва Калум Чемберс бу учрашувни ўтказиб юбориши керак бўлади.

«Арсенал» - «Манчестер Сити» (2 апрель, 20:00, UzReport, Матч ТВ, Матч! Футбол 1)

Турнинг марказий учрашуви билан 30-турга якун ясалади. Сўнгги ҳафталарда мухлисларнинг кескин норозилигига сабаб бўлаётган Арсен Венгер жамоаси узоқ йиллик танаффусдан кейин илк марта ЕЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолиш хавфи остида турибди. Буни олдини олиш учун жамоа яна бир мавсумни бир текисда ўтказа олмаётган грандлардан бири «Манчестер Сити»ни мағлуб этиши керак бўлади. Жамоаларнинг Манчестердаги биринчи давра учрашувида Гвардиола шогирдлари ғалаба қозонган.

Йўқотишлар
«Арсенал» таркибида дарвозабон Петр Чех, ҳужумчи Лукас Переслар жароҳати сабаб майдонга туша олмайди. Санти Касорланинг бу мавсумда бошқа майдонга туша олмаслиги анча олдин аниқ бўлиб улгурганди.
«Манчестер Сити» таркибида эса эски муаммо Габриэл Жезус ва Илкай Гўндўғаннинг жароҳати бор. Пабло Сабалета, Раҳим Стерлинг ва Кевин де Брюйненинг ҳолати яхши эканини Гвардиола таъкидлаган бўлсада, уларнинг асосий таркибда майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда.