АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳейли маълум қилдики, АҚШ маъмурияти учун айни вақтда биринчи галдаги мақсад ИШИДга қарши курашни давом эттириш. Бу вақтда Сурия президентлигидан Башар Асадни кетказиш масаласи иккинчи планга ўтади. Унинг бу ҳақдаги гаплари Fox News телеканали томонидан келтирилган.

«Асад — бу муаммо ва Америка маъмурияти ҳам шундай фикрда. Аммо айни вақтда янада йирикроқ муаммо ИШИД ҳисобланади», — деган у. У шу билан биргаликда АҚШ ҳеч қачон Сурия раҳбарига «марҳамат кўрсатмоқчи эмаслиги»ни қўшимча қилиб, Асадни Сурия халқи суд қилиши кераклигини таъкидлаб ўтган.

Бундан олдинроқ шунга ўхшаш баёнот билан АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон ва Оқ уй расмий вакили Шон Спайсер ҳам чиққанди. Тиллерсоннинг сўзларига кўра, Асаднинг келажагини сурияликлар ҳал қилиши керак.

Спайсер эса Башар Асаднинг кетиши учун зарур ишларни амалга оширмагани учун Обаманинг маъмуриятини айблаган.

«Қаршимизда ИШИДни мағлуб этиш вазифаси турибди», — деган Спайсер ва Сурия ҳамда Ироқдаги радикал кучлар АҚШ учун биринчи галдаги нишонлар эканини маълум қилган.