Арманистондаги парламент сайлови вақтида электрон техника мамлакат президенти Серж Саргсянни бармоқлари излари орқали таний олмади. Бу ҳақда «Sputnik Армения» агентлиги хабар тарқатди.

Хабар қилинишича, овоз беришга келган Саргсян қурилмага 10та бармоғини тутган, аммо робот уни танимаган.

Шундан сўнг президент сайлов комиссияси аъзоларига паспортини тақдим этган, аммо қурилма уни ҳам қийинчилик билан тасдиқлаган. Фақат шундан кейингина Арманистон президентига талон берилган ва у овоз бериш учун махсус хонага йўналган.

2 апрелда Арманистонда мамлакат парламенти – Миллий кенгашга сайловлар бўлиб ўтмоқда. Сайловларда 5 та партия ва 4 та блок иштирок этмоқда. Улар учун парламентга ўтиш минимал чегараси мос равишда 5 ва 7 фоизни ташкил қилади. Овоз беришда 2,5 млн га яқин одам иштирок эта олади.