Кун санаси: Туркманистонда "Бир томчи сув - олтин зарраси" байрами нишонланмоқда

Жаҳон 02 Апрель 2017 4601

Туркманистонда ҳар йили апрелнинг биринчи якшанбаси "Бир томчи сув - олтин зарраси" байрами сифатида нишонланади. 

Унинг мақсади - ҳудудининг катта қисми саҳродан иборат бўлган Туркманистонда сув қадр-қимматини намоён қилиш, унга ҳаёт манбаи сифатида эҳтиёткорона муносабатда бўлишни инсонларга сингдириш.

Ушбу байрамнинг бош қаҳрамонлари - мелиораторлар, ирригаторлар, канал қурувчилари ва сув хўжалигининг бошқа ишчилари. 

Одатга кўра,  "Бир томчи сув - олтин зарраси" байрамига бағишланган тадбирлар дарё, кўл ва канал қирғоқларида бўлиб ўтади. 

Бундай тадбирларда сув хўжалиги корхоналари ишчилари Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов номидан давлат мукофотлари ва пул ҳамда қимматбаҳо буюм кўринишидаги совғалар билан тақдирланишади. 

Байрамнинг асосий тадбирлари якшанба куни Ашхободда Қорақум дарёси соҳилларида ўтказилади.

Байрам меҳмонлари халқ сайлларига чиқишади, Туркманистон сув ва қишлоқ хўжалиги ютуқларидан очиқ осмон остидаги кўргазмада бахраманд бўлишади, шунингдек байрам концерти ва спорт мусобақаларини томоша қилишади. 

Сув байрами куни Туркманистонда анъанага кўра, оммавий равишда дарахтлар экилади.

"Бир томчи сув - олтин зарраси" байрамига 1995 йилда Туркманистоннинг биринчи президенти Сапармурат Ниёзов томонидан асос солинган. 

Кўпроқ янгиликлар