Остонада ўтадиган ЭКСПО-2017 ҳудудида фавқулодда вазият содир бўлди – у ерда барпо этилаётган Конгресс-холл биносида ёнғин чиқди. Бинодан буруқсиган кучли тутун одамларни қўрқитиб юборди, деб хабар бермоқда nur.kz портали мухбири.

ЭКСПО-2017 матбуот хизматида ёнғин бўйича маълумот берила олинмаган.

"Менда қандайдир ёнғин бўлгани ҳақида маълумот йўқ, бу ҳақда энди эшитмоқдаман", деб айтган кўргазмани ташкиллаштириш билан шуғулланувчи компаниянинг жамоатчилик билан алоқалар департаменти директори Сергей Куянов.

Ёнғин чиққани Остона фавқулодда вазиятлар департаментида тасдиқланди. Уларнинг маълумотларига кўра, ёнғин 2 апрель маҳаллий вақт билан соат 10.17да бошланган ва бир соатга қолмай ўчирилган.

Маълум қилинишича, Конгресс-холл биносининг 4 ва 5-қаватлари ўртасида кичик буруқсаш бўлиб, шу кучли тутунга сабаб бўлган.  

Қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ, воқеа тафсилотлари аниқлаштирилмоқда.