Швейцарияда қон ташиш учун дрондан фойдаланиш йўлга қўйилди

Технология 02 Апрель 2017 2793

Швейцариянинг Лугано шаҳридаги иккита шифохона лаборатория намуналари, жумладан қон намуналарини етказиш учун дронларни синовдан ўтказишни бошлади. Ушбу янги усул муракаб йўл вазиятидан қочишга ва биоматериални тезкорлик билан етказишга ёрдам беради. Лойиҳа Swisspost почта хизмати кўмагида пайдо бўлган.

АҚШнинг Matternet компанияси ишлаб чиқарган дронларга намуналар билан тўлдирилган идиш жойланади. Сўнгра шифохона ходимлари мобил дастур ёрдамида дронни керакли жойга етказадилар. Белгиланган жойда идишни бошқа шифохона ходимлари қабул қилиб оладилар.

Компания пиёдаларга жароҳат етмаслиги учун авиация соҳасида тартибга солувчи идоралар билан ҳамкорлик қилишни бошлади. Дрон бинолар ёки парвозлар учун ёпиқ ҳудудларни четлаб ўта олади.

Дрон оғирлиги 2 кг гача бўлган юкни 20 км гача ташиши мумкин. Унинг тезлиги соатига 36 км ни ташкил қилади. Дроннинг инфрақизил датчиклари фавқулодда вазиятни (мисол учун, электроника бузилиши) кўришга ва дроннинг ерга парашют ёрдамида қўнишига имкон беради.

Swisspost’да таъкидланишича, тижорат учун мўлжалланган дронлар тиббиётда биринчи марта шаҳар шароитларида қўлланмоқда. Руандада ҳам дронлар шунга ўхшаш вазифаларни: дори ва қон етказишни бажарган. 

Маълум қилинишича, дронлар март ўрталаридан синала бошланган. Бу вақт ичида икки шифохона орасида 70 дан кўпроқ синов ўтказилган. Хизмат мунтазам асосда 2018 йилдан ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар