Туркия Сурияда ИШИДга қарши кўрилган "Фрот қалқони" операцияси билан тўхтаб қолмайди ва террорчиларга қарши янги операцияларга тайёрланмоқда.

Бу ҳақда Трабзон шаҳридаги намойишда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған айтиб ўтди. 

"Ал-Боб шаҳрини террорчилардан тозалаш билан "Фрот қалқони"нинг биринчи босқичи якунланди. Бироқ операция давом этади ва биз тўхтаб қолмаймиз. Биз ҳудуддаги террорчилар ўтирган бошқа баландликларни ҳам ишғол қилишга тайёрланмоқдамиз", деб айтди Эрдўған. Унинг қўшимча қилишича, янги операциялар янгича номланади.   

Эрдўған, шунингдек, Туркия баҳорни кутаётган барча террорчилик ташкилотлари – Курдистон ишчи партияси, "Халқ мудофааси кучлари" ва "Демократик иттифоқ" партияси, ФЕТО’га "ажойиб совға туҳфа қилади". "Умид қиламанки, турк миллатининг баҳори террорчилар учун қора қишга айланади", деб айтган Туркия президенти.   

Туркия "Сурия озодлик армияси" билан бирга 2016 йил 24 августда "Фрот қалқони" операциясини бошлаганди. Операциядан мақсад Суриянинг шимолий вилоятларини ИШИД жангариларидан тозалаш бўлган. 31 март куни Туркия қуролли кучлари бош штаби операция "муваффақиятли якунланганини" маълум қилганди.