Евроосиё иқтисодий иттифоқи яна 10 йилга ҳам бормай тарқалиб кетади, чунки бу иттифоққа аъзо мамлакатлар етакчилари ўз дунёқарашларини ўзгартиришади. Россия эса алал-оқибатда Европа давлати эканлигини борасидаги фактни тан олади. Газета.Ru’га берган интервьюсида таниқли советшунос Збигнев Бжезинский шундай тахминни илгари сурган.

Америка сиёсатшунослиги пири, геостратег ва "буюк фитна сочувчи", АҚШнинг собиқ президенти Жимми Картер маъмуриятининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Збигнев Бжезинский Евроосиё иқтисодий иттифоқининг тез орада таназзулга юз тутишидан огоҳлантирди.

"Мен Евроосиё иқтисодий иттифоқи яна 10–20 йил яшашига ишонмайман, айниқса, унинг мавжудлиги жараёнида етакчи раҳбарлар ўз дунёқарашини ўзгартиришса", — деган Газета.Ruга интервью берган сиёсатшунос. 

Унинг ўзларига кўра, Россиянинг ғарбий Европа давлатлари билан муносабатлари меъёрга келганидан сўнг, Россия томонидан у Евроосиё эмас, айнан Европа давлати эканлиги тан олинса, Евроосиё иттифоқига эҳтиёж қолмайди.

Хоҳловчилар рўйхати узайди

Аввалроқ Божхона иттифоқи, энди Евроосиё иттифоқи тақдири борасида Бжезинский бундай қарорга илк бор келаётгани йўқ. МДҲ давлатлари Евроосиё иттифоқига қўшилишни кўп ҳам исташмаслигини Бжезинский 2012 йилнинг декабрида, АҚШ конгрессида чиқиш қилганида ҳам айтиб ўтган эди.

"Евроосиё иттифоқига ким ҳам қўшилишни истарди? Фикримча, бу рўйхат унчалик узун бўлмайди", — деган эди ўшанда сиёсатшунос.

Эҳтимолли номзодлардан бири — Грузия, лекин Россия билан иттифоқ Боку–Жайҳон нефть қувурининг муҳимлиги нуқтаи назаридан, бу қадам уларнинг АҚШ билан дўстона муносабатларига раҳна солиши мумкин".

Бжезинский ўшанда "Янги кўринишдаги СССР"га қўшилиш учун Марказий Осиё давлатларида ҳаммадан ҳам қамроқ рағбати борлигини тахмин қилган эди. "Назарбоев етакчилигидаги Қозоғистон? Йўқ, бу жуда шубҳали. У Россия, Хитой ва бошқа давлатлар ўртасида усталик билан ҳаракат қилади. Каримов ва Ўзбекистон? Бунинг эҳтимоли ўта паст — Ўзбекистон давлат мустақиллиги масалаларида жуда қатъий сиёсатга эга", — дея башорат қилган эди Бжезинский 2012 йилда.

Унинг айтганларидан нималар амалга ошди? Грузия ЕОИИ аъзосига айланмади ва бу мавзу улар учун батамом ёпилди. Лекин Евроосиё иттифоқига шу ўтган йиллар ичида Арманистон ва Қирғизистон қўшилди. 

Молдова ҳозирча аросатда қолган. 30 март куни мамлакат бош вазири Брюсселда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашганида, мамлакат парламенти Кишинёв ва Москва ўртасида Молдованинг ЕОИИга ҳатто кузатувчи мақомида аъзо бўлиши ҳақидаги битимни ратификация қилмаслиги билдирган эди. Март ойи ўрталарида Молдова президенти Игорь Додон эса шундай битим 3 апрель куни имзоланажагини билдириб ўтган эди.

Совет империясини қўмсаш

Украинанинг Европа томон юз буриши бу танловнинг Россия ва Украина учун оқибатлари бир четга суриб турилганида ҳам, Евроосиё иттифоқи истиқболларига қаттиқ зарба бўлди. Бжезинский 2011 йилдаёқ бу ҳақда ҳам огоҳлантирган эди.

Ўша йиллари берган интервьюларидан бирида сиёсатшунос Евроосиё иттифоқи реаллик билан уйғунлашмаган бир соғинч истаги эканлигини таъкидлаб, "янги Россия империясини яратиш борасидаги ҳар қандай саъй-ҳаракат қаттиқ қаршиликка дучор бўлиши"ни айтиб ўтган эди. 

"На қозоқлар, на белоруслар ва на украинлар қайта тикланаётган империянинг таркибий қисми бўлишни истамаслигини "рўёбга чиққан факт" сифатида қабул қилмоқ керак", деган эди у ўшанда. "Собиқ совет республикалари ва биринчи навбатда миллий элиталар ягона етакчи ҳукмронлиги остидаги янги ҳокимиятга бўйсунишни исташмайди", деган эди у. Унинг бу башорати Украина мисолида яққол намоён бўлди.

Россия борасида ҳам эксперт ҳеч қандай хушхабарларни башорат қилмаган. 2011 йилда Россия ҳақида у мана бундай деган эди: "Бундай қарама-қаршилик Россиянинг замонавий, муваффақиятли, демократик, кейинчалик Европа давлати бўлишига мудом зарар етказиб келаверади". Бжезинский Россияни ҳамон Европанинг бир қисми ҳисоблайди. Европа билан ўзаро муносабатларнинг совуқлашиши Россиянинг фойдасига ишламаслиги, ҳаттоки мамлакатнинг барбод бўлишига олиб келишидан огоҳлантиради.

Муқаддас мустақиллик 

СССРнинг тарқалиб кетишини Бжезинский ушбу ҳодиса рўй беришидан икки йил аввал, 1989 йилда башорат қилган эди. 1991 йилда Беловежск ўрмонида ССР иттифоқи "Халқаро ҳуқуқ субъекти" сифатида тугатилганлиги ҳақидаги битим имзоланди. 

Икки йилдан сўнг Евроосиё минтақасида нималар рўй беришини ким билади? Ҳеч ким! Бироқ, Бжезинский даражасидаги классикларни синчиклаб ўқиш лозим. Мана, Бжезинский "етакчилар дунёқарашини ўзгартиради", демоқда. Бир қараганда, бу фикр абсурддек туюлади. Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев 1994 йилда Москва давлат университетида маъруза ўқир экан, Евроосиё давлатлари иттифоқи тузишни таклиф этган эди. Яъни, Назарбоев Евроосиё иттифоқининг асосчиси ҳисобланади, айнан у постсовет ҳудуди вайроналарида янги интаграция уюшмасини тузишни таклиф этган. Нега энди бугунга келиб у дунёқарашини ўзгартириши керак?

Бироқ, Назарбоевни ЕОИИ аъзоси сифатида Қозоғистон суверенитетининг бир қисмини йўқотаётгани ташвишга солмоқда. Божхона иттифоқида қатнашишдан ҳам, 2013 фаровон йилга солиштирилса, Остона плюслардан кўра минусларга кўпроқ эга бўлмоқда. Қозоғистон президенти Россия бозорига қозоқ озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, гўшт ва гўшт маҳсулотларини илгари суришдаги муаммолар, Россия электр энергияси бозорига эркин ижозат йўқлиги, электр энергиясини транзит қилиш имкониятлари чекланганлиги борасидаги қийинчиликларни санаб ўтган.

Евроосиё иттифоқи зарурияти борасидаги иккиланишларга Хитой ҳам ўз далиллари билан улуш қўшган. "Хитой Россиядан кўра Қозоғистонга кўпроқ инвестиция киритмоқда", — дейди Олий иқтисодиёт мактаби илмий-тадқиқот институти халқаро иқтисодиёт ва сиёсат факультети профессори Алексей Портанский. Бу нуқтаи назардан, Россия ва Қозоғистон асло ҳамкорлар эмас, балки рақобатчилар ҳисобланади.

Россия билан ғоявий яқин мамлакат ҳисобланмиш Белоруссия етакчиси Александр Лукашенко дунёқараши бўлмаса ҳам, кайфияти ўзгараётганини бот-бот намойиш қилиб турибди.

Россияга қарши санкциялар жорий қилинишидан аввал у "Мен руслар билан дўстлик борасида савдолашмайман", деган эди. Энди эса юзини Ғарб томон буриб, рус гази баҳоси учун савдо уюштирмоқда. Белоруссия етакчисининг сўзларига кўра, ҳозирча Россия ундан 15 миллиард доллар қарздор. У ягона божхона кодексини имзолашдан бош тортиб, кодексдан кўра мустақиллик кўпроқ керак эканлигини билдириб қўйди. "Эркинлик ва мустақиллик жуда рентабелли, — деган Лукашенко. — Буни ҳеч қандай пул ва рақамларда ўлчаб бўлмайди".

Бу эса 2013 йилда Божхона иттифоқида қўшимча ваколатларни миллийликдан юқори даражага бериб қўйишдан асло чўчимаслик керак, деган ўша Лукашенконинг гаплари. "Мустақиллик — муқаддас эмас. Ҳамма нарсанинг ўз баҳоси бор. Агар яхши яшашни истар эканмиз, нималардандир воз кечиш, қурбон қилиш керак бўлади. Асосийси — инсонларнинг фаровон яшаши", деган эди у. Афтидан, белорусларнинг фаровонлиги Лукашенко учун энди бутун ҳаёти масаласи эмасга ўхшайди.

Хитойдан юз буриш

Буларни кузатар экансиз, Бжезинскийнинг Россия ва Европа ўртасидаги муносабатлари меъёрлашувида юксалиш рўй бериши ҳақидаги изоҳлари эҳтимолдан узоқ нарса бўлиб туюлмайди. Бу ерда гап евроосиё оиласидаги давлатлар етакчиларнинг нуқтаи назарларида юз бераётган ўзгаришлардагина эмас.

2014 йил Қримда референдум ўтказилгач ва Ғарб Россияга қарши санкцияларни жорий этгач, маълумки, Кремль ўз сиёсатини шарққа қаратишини эълон қилган эди. Орадан бир йил ҳам ўтмадики, аввалига рус бизнеси, кейин бошқарувдаги элита Хитой Европа ўрнини боса олмаслиги ва "Ипак йўли" лойиҳаси Хитойга Россияни Европа бозорларидан итқитиб ташлаш учунгина кераклигини англаб етди. 

"Хитойликларлар билан музокара олиб бориш ўта оғир", — дея ёзғирган эди ҳукумат амалдорларидан бири. Узоқ реклама қилинган "Шарққа юз буриш" АҚШ ва Европадагидек на арзон кредитлар, хом ашёлар ҳисобга олинмаса, на рус экспортининг ўсишига олиб келди.

Россия фанлар академияси академиги ва президент маслаҳатчиси Сергей Глазьевнинг мутлақо тескари нуқтаи назари ҳам бор. Глазьев Россия келажагини АҚШ билан муносабатлар тиғиз бўлиб турганда, Хитой билан алоқаларни кучайтириш ва Хитой давлат бошқаруви алгоритмларини фаол ўзлаштиришда кўради. Акс ҳолда, дея аниқ ишонади Глазьев, Россия Европа иттифоқи четига чиқиб қолади. Ёки ундан ҳам ёмонроқ вазият юзага келади: тарқоқ анклавлар йиғиндисига айланади.

Бжезинский эса, аксинча, Россияга Хитойни хавфли рақобатчи сифатида кўришни тавсия этади. "Хитойнинг Европага тўғридан-тўғри савдо йўлини мақсад қилиб Марказий Осиёга стратегик кириб келиши собиқ совет иттифоқининг шарқий қисмида Россиянинг иқтисодий ҳукмронлигининг сусайишига олиб келади" — бу Бжезинскийнинг Huffington Post’даги мақоласидан иқтибос. 

Унинг бу баёноти борасида баҳслашиш ва Бжезинскийни русларни ёмон кўришда айблаш мумкин. Балким шундайдир. Лекин бирор киши Бжезинскийнинг воқеаларни олдиндан кўра билиш қобилиятини шубҳа остига ололадими?