Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 мартдаги 165-сонли фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги ночор оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Бу ҳақида "Норма.уз" сайтида маълум қилинди.

Бир марталик моддий ёрдам Комиссиянинг фуқаролар йиғинини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қарорига мувофиқ белгиланади ва йил бошида белгиланган энг кам иш ҳақининг 2-5 марталик суммаси миқдорида тўланади.

Кимларга моддий ёрдам кўрсатилади?

- ўзгалар ёрдамига муҳтож (меҳнатга лаёқатсиз кишилар, меҳнатга лаёқатли оила аъзолари бўлмаган) ёлғиз фуқаролар ва пенсионерлар, боқувчиси ногирон бўлган оилалар ва аҳолининг бошқа кам таъминланган тоифасига;

-  ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имконидан тўлиқ ёки қисман маҳрум I гуруҳ ногиронлари ёки оғир касалликка учраган кишиларга;

- ягона боқувчисини йўқотган оилаларга (3 ой давомида);

- ногирон бола ёки оиланинг I ё II гуруҳ ногирони ҳисобланувчи ёки оғир касалликдан азият чекувчи, жарроҳлик амалиёти ё бўлмаса, молиявий харажатларни талаб қилувчи узоқ (5 ойдан ортиқ) амбулатор муолажаларига эҳтиёж сезувчи бошқа аъзосини тўлиқ бўлмаган оилада парваришловчи ота ё онага;

- икки ё ундан ортиқ фарзанди бўлган, ота-онадан бири  I ёки II гуруҳ ногирони ҳисобланган, иккинчиси эса беморни парваришлаш туфайли меҳнат фаолиятини юрита олмайдиган ёхуд ота ҳам, она ҳам  I ёки II гуруҳ ногирони бўлган тўлиқ оилалар.

Моддий ёрдам кўрсатишнинг шарти юзага келган қийин ҳаётий муаммони мустақил ҳал қилишга имкон берувчи молиявий даромаднинг йўқлигидадир.

Қийин ҳаётий вазиятлар тушунчасига нималар киради?

- меҳнатга лаёқатсизлик (I гуруҳ ногирони)ни келтириб чиқарган ёки даволаш муолажалари узоқ вақт (5 ойдан зиёд) давомида дори вотситаларини қўллаш ёки жарроҳлик амалиётини талаб қилувчи оғир касалликлар;

- турмуш ўртоқ, ота-она, боқувчининг ўлими;

- табиий офатлар, ҳалокатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар натижасида ҳаёт, саломатлик ва мол-мулкка зиён етиши.

Бир марталик моддий ёрдам олган оилалар тўлов амалга оширилганидан бир йил ўтиб мазкур турдаги ёрдамни сўраб қайта мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

Ушбу ҳужжатнинг тўлиқ матни билан "Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги" ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.