Машинаси бор киши бозор-ўчарга борганда, уловини дуч келган жойда қолдиролмайди, чунки жаримага тортилиши ёки бошқа автотранспорт воситаларининг ҳаракатига халақит бериши мумкин-да. Шу боис аҳоли гавжум бўладиган ҳудудларда машинани вақтинчалик сақлаш жойлари — автотураргоҳлар ташкил этилган.

Кейинги пайтларда ҳайдовчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида автотураргоҳлар сони борган сари кўпайиб, замонавийлари барпо этиляпти. Бундан фақат мамнунлик ҳиссини туямиз. Лекин…

Эътибор берсангиз, бозорлардаги автотураргоҳларнинг аксарияти пулли. Уларда машина қанча муддатга қолдирилганига қараб пул тўланиши ҳеч кимга сир эмас. Ҳақли савол туғилади: нега пойтахтимиздаги барча супермаркетларда автотураргоҳлар бепул хизмат кўрсатади-ю, бозорларда бунинг акси? Аслида бозор ҳам халқ учун, унинг фаровон турмуши учун хизмат қилади-ку?! Ахир, бозорга автомашинани сақлаш учун эмас, бозорлик қилиш учун борилади-ку!

Хуллас, саволлар талайгина. Уларга жавоб топиш мақсадида дастлаб автотураргоҳлар фаолиятини тартибга солишга масъул бўлган ташкилот — «Тошбозорсавдо» уюшмасига бир нечта саволлар билан мурожаат этдик.

— Пойтахтимиз туманларидаги аксарият бозорлардаги автотураргоҳлар пулли. Ваҳоланки, бозорлар давлатга қарашли. Шуни инобатга олсак, автотураргоҳлар бепул бўлиши керак эмасми?

— Мулкчилик шаклидан қатъи назар, пулли хизмат кўрсатувчи автотўхташ жойлари, шу жумладан, бозорлар таркибидаги автотўхташ жойларининг ҳар бир квадрат майдонидан бир ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи (савдо комплексларида 10 фоизи) миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўланади. Уюшма тизимидаги барча автотўхташ жойлари майдонидан бир ойда 676,5 миллион сўм миқдорида солиқ тўланади. Шу сабабдан, автотўхташ жойларини бепул қилиш мақсадга мувофиқ бўлмайди, деб ҳисобланади.

— Автотураргоҳдан фойдаланган ҳайдовчидан тўловни фақат нақд шаклда талаб қилишади. Машина эгасига эса ҳеч қандай чек берилмайди. Нима учун?

— «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга асосан, ҳар бир истеъмолчи ўзи берган нақд пулга касса чекини талаб қилишга ҳақли. Автотўхташ жойлари ҳам бундан мустасно эмас. Нақд пул берган харидор, албатта, чек берилишини талаб қилиши керак.

— Автотураргоҳлардаги нархлар ҳар хил. Аслида улар бир хил бўлиши керак эмасми? Бу нархлар нимага асосланиб белгиланган?

— «Тошбозорсавдо» уюшмаси тизимидаги автотўхташ жойларида ундириладиган «хизмат ҳақи» миқдори Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 16 мартдаги «Тошкент шаҳридаги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг янги миқдорларини жорий этиш тўғрисида»ги 241-сонли қарори билан тасдиқланган.

— Аксарият автотураргоҳларда «Машинада қолдирилган қимматбаҳо буюмларга жавоб берилмайди», деган ёзувни кўриш мумкин. Бу қанчалик тўғри? Агар улов қўриқланмаса, автотураргоҳга нима учун ҳақ тўланади?

— Амалда жорий этилган талабларга асосан, бозорлар ва савдо комплекслари таркибидаги автотўхташ жойларида автомобиль эгаси автотўхташ жойига кириш вақтида машина ичидаги нарсаларни автотўхташ ходимига битталаб кўрсатиб топширмайди. Шу сабабли ходим ҳам автоулов ичидаги нарсаларга жавоб бермайди.

— Автотураргоҳда машинанинг бирор жойи тирналиб ёки унга шикаст етказиб кетилган бўлса, ким жавоб беради?

— Агар автотўхташ жойида қолдирилган машинанинг ташқи томонига зарар етказилса, автотўхташ жойи маъмурияти ушбу етказилган шикастларни қоплаб бериши лозим.

— Нега аксарият бозорлардаги автотураргоҳларда тўлов терминали йўқ? Бунинг сабаби нима?

— «Тошбозорсавдо» уюшмаси тизимидаги барча автотўхташ жойларида терминаллар мавжуд.

— Автотураргоҳлардан тушаётган пуллар инкассация қилинадими? Умуман, унинг ҳар кунлик тушуми қаерга топширилади ва бу маблағ қандай мақсадларга ишлатилади?

— Автотўхташ жойларида йиғилаётган «хизмат ҳақи» тушумлари белгиланган тартибда ҳар куни бириктирилган банк муассасаларига топширилади. Йиғилган даромадларнинг ҳаммаси автотўхташ жойлари учун белгиланган қатъий солиқни қоплашга йўналтирилади. Қолган қисми бошқа мажбурий ва жорий харажатларга ишлатилади.

Нега ва яна бир бор нега?

Бу уюшма бошқаруви раисининг ўринбосари Мўмин Қодиров имзоси билан келган хатда баён этилган жавоблар. Бир қарашда, ҳеч қандай муаммо йўқдек кўринади. Аммо очиғи, айрим жавоблар кишида қайтага яна қўшимча саволлар уйғотади. Негаки, мақоламиз бошида айтилган ҳолатлар бизни шундай дейишга мажбур этмоқда. Шу боис 28 февраль куни (жавоб хати 24 февралда келган) пойтахтимиздаги айрим бозорлар ҳудудидаги автотўхташ шохобчаларини ўрганишга қарор қилдик.

Кузатувлар натижасида шу нарса ойдинлашди: уюшма тизимидаги 15 та автотўхташ жойларининг ҳаммасида ҳам тўлов терминали мавжуд эмас экан. Жумладан, «Қўйлиқ», «Янгиобод», «Ўрикзор» ва «Чорсу» бозорларидаги автотураргоҳларга тўлов терминали ўрнатилмаган. Бори ҳам ҳайдовчилар нигоҳидан панада, кўринадиган жойга қўйилмаган. Нега?

Аслида тўлов терминали борлигини билдириш учун автотураргоҳга кириш қисмидаги махсус бутка ойнасига унинг мавжудлигини билдирадиган белги бўлиши керак эмасми? Назаримизда, токи у ҳайдовчи нигоҳидан яширинча сақланар экан, шубҳасиз, унда терминал йўқ, деган фикр юзага келади. Бундай дейишимизнинг боиси, бир нечта ҳайдовчидан бозор ҳудудидаги автотўхташ жойларида терминал мавжуд ё мавжуд эмаслиги хусусида сўрадик. Уларнинг жавоби эса: «Менимча йўқ, бирон марта терминалга кўзим тушмади», қабилида бўлди. Ҳолбуки, «Қўйлиқ» бозоридаги иккита автотураргоҳ (бу бозорда учта автотураргоҳ бор)да ҳам тўлов терминали бўлса-да, лекин унинг борлигидан аксарият ҳайдовчилар бехабар.

Автотураргоҳга хизмат машинасида кириб, чиқаётганда ходимларидан терминал мавжудлигини сўраганимизда истеҳзоли кулиш билан «бор, беринг пластик картангизни», деб жавоб қайтарди. Назаримизда, фақат нақдда пул қабул қилгани учун пластик картадан ечиб олиш уларга бироз малол келди. Яна бир ажабланарли жиҳати, битта бозордаги автотураргоҳларнинг нархлари бир-биридан кескин фарқланади. Бирида 7 минг, қолган иккитасида 3 минг сўм қилиб белгиланган. Нега?

Талонни йўқотганга жарима бор-у…

Эски Жўва бозорига бордик. Озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган ҳудудга қарашли автотураргоҳга кирар чоғда вақт ёзилган чек беришди. Унда «Йўқотилган талон учун жарима 20 000 сўм, йўқолган буюмлар учун маъмурият жавоб бермайди» деган жумла ёзилган.

Қизиқ, нима учун талонни йўқотиб қўйган ҳайдовчи маъмуриятга жарима тўлаши керак экан-у, лекин маъмурият машинада йўқолган буюмларга жавоб бермайди? Шу адолатданми? Бозор маъмурияти ўз ҳақини бировга бермас экан, бошқаларнинг чўнтагига кўз олайтиришга уларнинг нима ҳақи бор? Умуман олганда, камдан-кам ҳайдовчи машина салонида бирон буюмни қолдириб кетади. Агар у қимматбаҳо бўлса, ҳеч ким қолдириб кетмаслиги аниқ. Шуни инобатга олсак, маъмурият аслида йўқ шартни  қўйган.

Хуллас, мутасаддининг жавобидан сўнг олиб борилган ўрганишлардан қуйидаги аччиқ ҳақиқат келиб чиқади: бозор ҳудудидаги талабга жавоб бермайдиган автотураргоҳлар гўё «Тошбозорсавдо» уюшмасига қарашли эмас. Ва бу шунчаки, ноўрин хулоса эмас. Олиб борилган журналистик суриштирувлар давомида ана шундай якдил қарорга келдик.

Хулоса ўрнида

Мақолада фақат пойтахт бозорлари ҳудудидаги автотураргоҳлар ҳақида фикр юритдик. Кўриб турганингиздек, улар фаолияти юзасидан саволлар кўп. Бундай ҳолатлар тартибга солинмаса, уюшманинг вазифаси нималардан иборат, деган савол туғилади. Ё мутасадди ташкилот фақат моддий жиҳатларини назорат қиладими? У ҳолда, автотураргоҳлардаги адолатсизликларга қайси ташкилот жавоб бериши лозим?

Айтмоқчимизки, автосақлаш шохобчаларига машинасини қўйиб кетган ҳайдовчи кўнгли хотиржам бўлиши керак. Улар фаолиятини шундай йўлга қўйиши лозимки, бундан энг аввало, ҳайдовчи манфаатдор бўлсин. Унинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилмасин. Ўз навбатида, иккинчи тарафнинг ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун доирасида кўриб чиқилиши зарур. Шунда юзага келиши мумкин бўлган турли тушунмовчиликлар ва кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинади.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ, «Оила даврасида» мухбири