НАТО мамлакатлари Россиянинг “Искандар” ракета мажмуаларининг Калининград вилоятида жойлаштирилишини ўз хавфсизлигига таҳдид деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда альянс бош котиби ўринбосари Роуз Геттемюллер "Коммерсант" газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Аввалроқ Россия ТИВнинг умумевропа ҳамкорлик департаменти директори Андрей Келин Москва НАТО олдида Калининградда “Искандар” ракета мажмуалари жойлаштирилиши бўйича ҳисобот бериш нияти йўқ эканини маълум қилганди.

"Калининград вилояти Россия ҳудуди эканлиги борасида ҳеч кимда ортиқча саволлар йўқ. Бироқ “Искандар” ракета мажмуаларини жойлаштириш – бу ҳарбийлаштириш ва ҳаво ҳудуди устидан назоратни кучайтириш бўйича тенденция исботидир. Альянснинг Россия билан қўшни бўлган кўпчилик аъзоси буни ўз хавфсизлигига таҳдид деб ҳисобламоқда”, - дея маълум қилди Геттемюллер.

Аввалроқ Россия мудофаа вазирлиги ОАВнинг “Искандам-М” мобил ракета мажмуалари Калининград вилоятига кўчирилиши ҳақидаги хабарларини тасдиқлади. Ҳарбий маҳкама расмий вакили Игорь Конашенковнинг аниқлик киритишича, бу мобил мажмуа бўлиб, ҳамда ракета қўшинлари тайёргарликни яхшиламоқда. Унинг сўзларига кўра, “мажмуа олиб ўтилишини ҳеч ким катта сир остида сақламаган”.