Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар учун янги сюрприз ҳозирламаяпти, бу ташриф Тошкентнинг Москва томон тезроқ интилишига сабаб бўлмайди, деган РИА Новости томонидан сўралган экспертлар.

Илгарироқ Кремль матбуот хизмати Мирзиёев 4–5 апрель кунлари илк бор Россияга давлат ташрифи билан келишини маълум қилган эди. "5 апрель куни ўтказиладиган олий даражадаги музокаралар мобайнида икки томонлама муносабатларнинг муҳим масалалари муҳокама этилиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва илмий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш чораларини белгилаб олиш", шунингдек, "бир қатор халқаро ва минтақавий долзарб муаммолар бўйича фикр алмашиш" мўлжалланмоқда.

Давлат ташрифи — бу хорижий давлатлар вакилларининг Россия Федерациясига расмий ташрифларининг олий даражаси ҳисобланади. Бу ташриф давлат раҳбарлари даражасида амалга оширилади ва кўп ҳолларда уларнинг лавозимдаги даврида бир мартагина амалга оширилади.

Сюрпризлар бўлмайди

Мамлакатнинг биринчи президенти вафот этгач, Тошкентнинг ташқи сиёсатдаги йўналиши белгиланишини кўп кутишга тўғри келгани йўқ ва сенсация ҳам рўй бермади. Сентябрь ойида Россия президенти Владимир Путин ва Каримовнинг дафн маросимида қатнашган бош вазир Дмитрий Медведев билан учрашувлари чоғида Мирзиёев нима бўлганда ҳам, Россия йўналишида ҳаммаси аввалгидек қолишини билдирган эди. Ўшанда бўлажак президент Ўзбекистон учун Россия билан муносабатлар "стратегик шерикчилик, иттифоқчиликка асослангани, шундай экани ва шундай бўлиб қолиши"ни билдириб ўтган эди.

Экспертларнинг фикрича Мирзиёевнинг Москвага ташрифи мобайнида ҳам сюрпризлар кутилмайди. "Мирзиёев Каримов сиёсатининг асосий, стратегик жиҳатларига риоя қилишини билдириб ўтган... Шу сабабли, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги янада барқарор муносабатлардан умид қилавериш мумкин", — деган РИА Новости билан суҳбатда Москва давлат халқаро муносабатлар институти Таҳлилий маркази директори Андрей Казанцев.

Бироқ, унинг фикрича, Тошкент Россия томонидан таклиф этиладиган интеграцион уюшмаларда қатнашишдан эҳтиётлик билан ўзини тортиб туради. Гап Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) кабилар ҳақида бормоқда. " Ўзбекистоннинг Россия томон илдамроқ интилиши, Қозоғистон даражасидаги стратегик шерикка айланишини кутишдан маъни йўқ. Бу масалада, фикримча, қандайдир ортиқча умидларга берилмаслик керак", — деган эксперт.

Евроосиё таҳлилий клуби раҳбари, Халқаро масалалар бўйича Россия кенгаши эксперти Никита Мендкович ҳам юқоридаги фикрларга қўшилади.

"Яқин орада Ўзбекистон сиёсатида қандайдир радикал ўзгаришларни кутмаяпман, чунки стратегик йўналишлар даражасида амалдаги президент эски сиёсатни қўллашда бардавом. Яъни, Россия билан маълум бир муносабатлар даражасини сақлаган ҳолда, у узоқ хориж давлатлари билан алоқалардан ҳам тўлиқ воз кечмаслиги аниқ", — деди у  РИА Новости’га.

"Фикримча, Россияга жорий ташрифи давомида Ўзбекистон президенти Москва билан муносабатларнинг маълум даражасини сақлаб қолиш нияти ва иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликнинг мавжуд кўринишларини асраб қолиш хоҳишини намоён этса керак", — дея қўшимча қилган Мендкович.

Террорчиликка қарши курашда муҳим шерик

Бир томондан дўстлик ҳақида гапириб, бошқа томондан ўта яқин интеграцияга шошилмайдиган шерик билан нима борасида келишиш мумкин? Экспертларнинг фикрича, хавфсизлик масалалари энг биринчи навбатда бўлмоғи лозим.

"Стратегик соҳада Ўзбекистон жуда муҳим ҳамкор, чунки у Марказий Осиёнинг қоқ марказидан жой эгаллаган. Бироқ у ерда Афғонистон ва Яқин Шарқдаги оғир вазиятлар туфайли кўплаб хатар ва таҳдидлар мавжуд", — дея таъкидлади Казанцев.

"Ўзбекистон ҳукумати йиллар мобайнида ўз ҳудудида экстремизмга қарши фаол кураш олиб бормоқда ва бу билан минатақанинг барқарорлашуви ва Афғонистон билан чегараларнинг мустаҳкам бўлишига эришиб келмоқда. Бу нуқтаи назарда Ўзбекистон — аввало халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши курашда барқарорлик ва хавфсизликни таъминловчи шерик ҳисобланади", — деди у.

Мендковичнинг фикрича, умумий туташув нуқталари ҳақида гапирилса, гап аввало хавфсизлик масалаларига бориб тақалади.

"Ҳанузгача биз афғон таҳдидини — Афғонистон ҳудудидан келаётган экстремизм ва терроризм хавфини бартараф эта олганимиз йўқ, бу масалада Марказий Осиёнинг Афғонистон билан чегарадош давлатларининг барчаси баҳамжиҳат ҳамкорлик қилмоғи зарур. Улар сирасига, албатта, Ўзбекистон ҳам киради. Бу масалада мулоқот ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш, чегараларни ҳимоя қилиш учун биргаликдаги қандайдир чоралар талаб этилади", — деди у.

Иқтисодий реализм

Шубҳасиз, Мирзиёевнинг Москвага ташрифи давомида иқтисодиёт масалалари ҳам муҳокама этилади. Кутилишича, ташриф якунлари бўйича ҳукуматлараро, идоралараро ва тижоратга оид ҳужжатлар имзоланади.

Лекин илгарироқ Ўзбекистон Россия билан 2016 йилда 2015 йилдагига нисбатан 5 фоизга — 4,2 миллиард АҚШ долларигача камайган товарь айланмаси ҳажмини сезиларли ошириш ҳақида баёнот берган эди. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Азимов ўзбек корхоналари РФга енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, кимё ва нефть-кимё маҳсулотлари, текстил ва чарм-пойафзал маҳсулотлари, маиший техника, кабель-ўтказгич маҳсулотлари, қурилиш материаллари етказишни сезиларли тарзда ошириши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон, ўз навбатида, Россиядан ишлаб чиқариш-техник мақсадлардаги маҳсулотлар, жумладан, нефть, металл прокати ва қувурлар, тахта ва ёғоч маҳсулотлари, турли механик ва электр ускуналари, кимёвий саноат маҳсулотлари, қоғоз маҳсулотлари, фармацевтик препаратлар, махсус транспорт воситалари ва бошқаларни харид қилишга тайёр.

Россия Федерацияси ҳукумати матбуот хизмати Ўзбекистон МДҲ минтақасида Россиянинг асосий савдо-иқтисодий шерикларидан бири ҳисобланишини айтиб ўтган эди. "Россия Федерацияси 2016 йил якунларига кўра, ташқи савдо айланмасидаги 17,2 фоиз улуши билан Ўзбекистоннинг барча савдо шериклари ичида иккинчи ўринни эгаллайди. Ноқулай ташқи конъюнктурага қарамасдан, 2016 йилда давлатлар икки томонлама савдонинг табиий ҳажмини сақлаб қолишга, бир қатор баъзи соҳаларда эса сезиларли ўсишга ҳам эришган", — дейилади хабарда.

Икки мамлакат энергетика соҳасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. РФ вазирлар маҳкамаси матбуот хизматининг хабарига кўра, умумий инвестициялари ҳажми 5 миллиард доллар бўлган "ЛУКОЙЛ" Ўзбекистондаги энг йирик хорижий инвестор ҳисобланади.

Бундан ташқари, Россиянинг бошқа бир компанияси — "Газпром" яқинда Ўзбекистондан кейинги беш йилда табиий газ харид қилиш бўйича Тошкент билан келишувга эришган. Илгарироқ, "Газпром" 2016 йил якунларига кўра сотиб олинган 6,2 миллиард метр куб газ ўрнига 2017 йилда 5 миллиард метр куб сотиб олиши хабар қилинган эди. Gas Project Development Central Asia (Gazprom International’нинг шўъба структураси) ва Ўзбекнефтгазнинг яна бир лойиҳаси доирасида Устюртдаги конлардан газ қазиб олишни бошлаш режалаштирилмоқда. Лойиҳага кўра, яқин 10 йил ичида 1,5 миллиард метр куб газ ва 76 минг тонна конденсат қазиб олиш қувватлари яратилади. Инверстициялар ҳажми 700 миллион АҚШ долларини ташкил этиши мумкин.