Паркер Шнабель – дунёдаги энг ёш олтин қазиб олувчилардан бири. У шунингдек Discovery каналидаги “Олтин васваси” кўрсатуви туфайли ҳам жаҳонга машҳур бўлиб кетди. Шнабель бир қатор ОАВга интервью бериб, қатор қизиқарли фикрларни билдирди.

19 ёшли Паркернинг айтишича, унинг буваси ҳам олтин қазиб олиш билан шуғулланган. “Кўпчилик буни ақлсизлик деб ўйлайди, улар баъзи жиҳатларда балки ҳақдилар, аммо мен учун бу ҳаёт тарзи. Бу шунчаки оилавий бизнес ҳамда мен бу анъанани давом эттириш ниятидаман”, - дейди Паркер.

Замонавий шароитларда олтин қазиш орқали бойиб кетиш мумкинми деган саволга жавоб қайтарар экан, у шундай деди: “Ҳа. Аниқроғи, буни амалга ошириш қийинлашиб бормоқда, сабаби харажатлар кўпаймоқда, олтин нархлари эса ошаётгани йўқ. Аслида, сўнгги 16-18 ой у арзонлашмоқда. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам, сиз қаерда олтин топилиши мумкинлигини ҳеч қачон аниқ билмайсиз, кўплаб кишилар шу иш орқали миллионлаб доллар ишлаб олишди. Мен ҳозирча улардан бирига айланмадим”.

Шнабелнинг сўзларига кўра олтин топиш бир қадар мураккаб жараён. Тўғри жойни танлаш анча қийин экан. “Сиз маълум бир ерда узоқ вақт бўлсангиз, бу сафар аниқ олтин топишингизга ишона бошлайсиз. Сиз синовли бурғулаш ишларини амалга оширишингиз мумкин, бироқ барча пулларни сарфлаб тугатмагунга қадар буни аниқ била олмайсиз, аммо ўшанда жуда кеч бўлади”.

Паркернинг айтишича, олтин қазиб олиш – бу мавсумий фаолият тури бўлиб, у март ўрталаридан октябрга қадар давом этади. Баъзида дам олиш кунлари бўлиши мумкин, бироқ ёзда иш тўла куч билан олиб борилади. Қишда эса у асосий матбуот билан учрашиш, турли реклама тадбирларида қатнашиш ва саёҳат қилиш билан шуғулланади. “Биласизми, мен аслида Аляскаданман, бироқ ҳозирда Лондонда яшайман. Уйга Рождество байрами пайтида келганимда, қор ўйнаймиз, қорюрарларда сайр қиламиз, овчилик, балиқчилик билан шуғулланамиз. Шунинг учун баъзида мен ўзимни худди боладек тута оламан”.

“Олтин васвасаси” съёмкалари пайтидаги энг катта хавфли вазият ҳақида тўхталар экан, у шундай деди: “Эҳтимол биз ювиш қурилмасини сураётган пайтимиздир. Бу пайтда атрофимизда суратга олиш гуруҳининг кўплаб аъзолари бўлади. Шуни айтмоқчиманки, бизда ҳақиқий хавф билан боғлиқ вазият ҳеч қачон юз бермаган. Бироқ 50 тонналик темирни сураётганингизда, ён атрофингизда эса бир гуруҳ кишилар чопиб юрса – бу кулфатга бўлган энг тўғри йўлдир. Бу асаблар учун ҳақиқий синов.”

Шунингдек унинг сўзларига кўра, бу жуда таваккал қилинадиган бизнес бўлиб, аммо у ҳақиқий даромадларни ҳам олиб келиши мумкин. 

“Ҳозирда бу кўрсатув дунёдаги энг оммабоп дастурлардан бири. Агарда яхшилаб ўйлаб кўрилса, биз шуғулланаётган нарса – бу қора иш, у маккажўхори етиштиришдан катта фарқ қилмайди. Менимча, айнан шунда унинг ўзига хос жиҳати – ҳаммаси жуда оддий, бироқ якунда сен нима олишингни аниқ билмайсан”, - дейди Шнабель.

Бундан ташқари, йигитнинг сўзларига кўра, бу соҳадаги энг катта муаммо – бу катта сармоялардир. Миллион долларлик олтин қазиб олиш учун икки миллион долларлик ускуна ва техникалар керак бўлар экан. 

Аляскада қанча олтин қолгани ҳақидаги саволга эга шундай жавоб қайтарилди: “Билмайман. Ростини айтсам, биз кичик олтин зарраларини қидирамиз, ер ости конлари ёки очиқ усулда қазиб олинадиган олтин кўлами эса жуда каттадир. Афтидан, бу борада қидирув ишлари ўтказилмаган ер қолмади ҳисоб”.

Шунингдек Паркер “Олтин васвасаси”нинг янги мавсуми ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтган: “Биласизми, бу мавсум мен учун жуда қизиқ бўлди. Менинг ижарачим Тони Битс бу дастурда катта ўрин тутди. У ва унинг оиласи – Юкондан бўлиб, улар жуда ажойиб инсонлар. Менинг ўзим ҳам бу мавсумни катта ҳаяжон билан кутмоқдаман”.