31 март ва 1 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи аъзолари Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарларида ҳамда Риштон туманида Фарғона вилояти аҳолиси билан очиқ мулоқот тарзида сайёр қабуллар ўтказди.

Сайёр қабулларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Улуғбек Суннатов, Олий суд раиси ўринбосари Файзулла Абдуазимов, Ички ишлар вазири ўринбосари Алишер Мирзаев, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Саидмурод Сайдалиев ҳамда вилоятнинг  туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, прокуратура, ички ишлар, суд органлари раҳбарлари, бошқа тегишли бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб Фарғона вилояти аҳолисидан Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 62 мингга яқин мурожаат ва аризалар келиб тушган бўлиб, уларнинг 57 мингга яқинига тегишли жавоблар берилган ва қаноатлантирилган, 3,7 мингдан зиёди ўрганиш ва ҳал этиш жараёнида.

Хусусан, туманлар кесимида вазият қуйидагичадир: Олтиариқ тумани – 4992, Боғдод тумани – 1734, Бешариқ тумани – 1368,  Бувайда тумани – 1347, Данғара тумани –1621, Қува тумани – 4373, Қўштепа тумани – 1736, Риштон тумани – 1958, Сўх тумани – 576, Тошлоқ тумани – 2125, Ўзбекистон тумани – 2373, Учкўприк тумани – 2058, Фарғона тумани – 3515, Фурқат тумани – 1083, Ёзёвон тумани – 1134, Қўқон шаҳри – 8931, Қувасой шаҳри  – 2257, Марғилон шаҳри – 6002, Фарғона шаҳри – 12735.

Мурожаатларнинг аксарият қисмини уй-жой олиш, уй-жой қуриш учун ер ажратиш, уй-жойларнинг таъмирлашга муҳтожлиги, судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишларнинг кўрилиши ҳамда суд қарорларининг ижроси, банк-молия масалалари, моддий ёрдам, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш, меҳнат ва бандлик, фуқаролик, паспорт олиш ва прописка масалалари бўйича келиб тушмоқда.

Фарғона вилоятига уюштирилган мазкур сайёр қабулларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган фуқароларнинг турли мазмундаги 400 га яқин мурожаатлари кўриб чиқилиб, уларнинг 85 фоизига яқини жойида ҳал этилди.

Мисол учун, Риштон вилоятида истиқомат қилувчи С.Разикова кўкрак бези саратонига чалинганлигини  маълум қилиб, қимматбаҳо дори-дармон воситаларини харид қилишда моддий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат этди. Ушбу масалани тезкорлик билан ҳал этиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларига топширилди.

Қўқон шаҳрида яшовчи Х.Шарапова набираси С.Мамажонова Россиянинг Қозон шаҳрида жойлашган тиббиёт олийгоҳида таълим олишини маълум қилиб, унинг таҳсилини Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалига кўчиришда амалий ёрдам кўрсатишни сўради. Мазкур масалани ўрганиш ва ижобий ҳал этиш тегишли вазирликлар ходимларига топширилди.

Сайёр қабуллар якунида кўриб чиқилган барча мурожаатлар бўйича вилоят, шаҳар ва туман даражасидаги мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.