Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 29 март куни “Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги Шартномани (Москва, 2016 йил 29 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия 2016 йилнинг 29 ноябрь куни Москвада ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги Шартномани ва ҳарбий маҳкамалар ўртасида 2017 йилдаги икки томонлама ҳамкорлик Режасини имзолади.

Шартнома мақсади ҳарбий-техникавий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан иборат.

Томонлар шартнома доирасида ҳарбий мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни, жумладан қурол-яроғлар, ҳарбий техника, ишлар, хизматлар, интеллектуал фаолият натижалари, уларга бўлган ҳуқуқларни ҳамда ҳарбий-техник соҳадаги маълумотни етказиб бериши мумкин.

Шунингдек томонлар қурол-яроғлар ҳамда ҳарбий техникага хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича ҳамда ҳарбий-техник ёрдамни кўрсатиш бўйича ишни амалга ошириш ниятидалар.

Ўзбекистон ва РФ шунингдек ҳарбий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, таъмирлаш, модернизация қилиш ва фойдаланиш бўйича қўшма корхона ҳамда ишлаб чиқаришни яратиши мумкин.