Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербург метросида рўй берган портлашлар оқибатида қурбон бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

У ушбу ҳодиса ҳуқуқ тартибот органлари томонидан синчиклаб ўрганилиши ва портлаш сабаблари аниқланишини билдирган. Президент ҳодисанинг эҳтимолий сабабларидан бири сифатида теракт варианти ҳам истисно этилмаслигини маълум қилган.

«Мен махсус хизматлар раҳбарлари билан, ФСБ директори билан бу масалани муҳокама қилдим. Ҳуқуқ тартибот органлари ва махсус хизматлар ушбу ҳодиса сабабларини аниқлашади. Портлаш сабаблари ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ҳаммасини қидирув-тергов ишлари кўрсатади. Биз ҳар доим воқеанинг барча сабаларини ўрганамиз. Терроризмдан ташқари маиший ва криминал сабаблар», - деган у Александр Лукашенко билан учрашуви вақтида.

Петербург метросида иккита портлаш рўй берди. «Технологический институт» ва «Сенная площадь» бекатларида рўй берган портлашлар оқибатида 10 киши ҳалок бўлиб, камида 50 киши жароҳатлангани айтилмоқда.