Амстердамлик сайёҳ хатолик туфайли Австралия ўрнига Канадага етиб келди. Бунга икки давлатда жойлашган икки шаҳарнинг номи бир хиллиги сабаб бўлган, деб ёзмоқда The Sun нашри.

Голландиялик Милан Шиппер Австралиянинг Сиднейига бормоқчи бўлган. Кейинроқ у олган чипта Air Canada авиакомпаниясининг Канаданинг Янги Шотландия вилоятида жойлашган Сидней аҳоли пунктига рейсга олингани маълум бўлган. 

Шиппер ўз хатосини Канаданинг Торонто шаҳрига етиб келганда англаган. Бу ерда йўловчилар охирги манзилга етиб олиш учун бошқа самолётга ўтиришлари керак бўлган. Сайёҳни Торонтода кутиб турган кичик самолёт ажаблантирган. "Мен бу самолёт бизни Австралиягача етказа олиши ҳақида ўйлай кетдим", деб эсламоқда Шиппер. 

Сайёҳ самолётда рейс йўналиши тасвирланган харитани кўриб, нотўғри манзил бўйича учиб келганини тушунган. Бироқ хатони тўғрилашга кеч бўлган, чунки бу вақтда самолёт белгиланган манзилга учиб кетаётган бўлган.

Шиппер сўнгра ортга қайтган: аввал Торонтога, у ердан Амстердамга. Голландияликнинг антиқа саёҳатидан хабар топган Air Canada авиакомпанияси унга компенсация сифатида Австралиянинг Сиднейига бепул чипта таклиф қилган.