“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганлари бежиз эмас. Муқаддам 3 маротаба гиёҳвандлик моддаларини сотиш ҳамда божхона чегарасидан ноқонуний ўтказиш каби жиноятларни содир этиб яқиндагина жазосини ўтаб чиққан, Ургут туманида яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси А.Мухаммадиев яна эски касбини қўмсади. Бу ҳақда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси хабар бермоқда.

Афсуслар бўлсинки, Нуробод тумани Нурбулоқ шахарчасида яшовчи гиёҳфуруш Э.Буроновни ҳам айнан қинғир мақсадлар А.Мухаммадиев билан “бирлаштирди”. Ушбу “дуэт” Нуробод туманида гиёҳванд моддаларнинг ўзаро олди-сотдисини амалга ошираётган пайтда фош қилинди. 

Натижада, А.Мухаммадиев ва Э.Буроновлар 30 грамм атрофидаги “марихуана” гиёхвандлик моддасини намуна сифатида сотиш учун тақдим этган вақтида ушланди. 

Шунингдек, олинган маълумотлар асосида ушбу шахсларнинг яшаш хонадонлари амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кинолог хизмати ити ёрдамида кўздан кечирилганда, бу ерда ҳам Э.Буронов томонидан экиб етиштирилган ва келажакда сотиш учун яширин тарзда сақланиб келинаётган бир дона қопда 8 кг. 249,54 гр. қуруқ ҳолатдаги “марихуана” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди. 

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди ва 2017 йил 13 март куни Жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукмига биноан, А.Мухаммадиев 11 йил 6 ойга ва фуқаро Э.Буронов 11 йилга озодликдан махрум қилиш жазосига хукм қилинди ва олинган жами 8 кг. 279,54 гр. ашёвий далиллар йўқ қилиниши белгиланиб, жиноят учун жазонинг муқаррарлиги таъминланди.