АҚШ ва Миср терроризм билан курашда ҳамкорлик қилади, икки мамлакат кўп масалалар бўйича ҳамфикр. Бу ҳақида 3 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп Миср раҳбари Абдул Фаттоҳ Ас-Сисий билан музокаралар бошланишидан аввал маълум қилди

"Биз кўп масалалар бўйича ҳамфикрмиз. Президент Ас-Сисийни қатъий қўллаб-қувватлаймиз. У жуда оғир вазиятда ақл бовар қилмас ишларни амалга оширди, - деди АҚШ давлат раҳбари. - Биз терроризм ва бошқа муаммоларга қарши биргаликда курашамиз".

Шунингдек Трамп ўтган йили сайлов кампанияси доирасида Ас-Сисий билан учрашганини таъкидлаб ўтди. "Сиз менинг қиёфамда ажойиб дўст ва Қўшма Штатлардаги иттифоқдошингизга эгасиз, - деди Америка раҳбари. - Биз узоқ вақт давомида дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаймиз. Миср халқи билан алоқаларимиз мустаҳкам".

Ас-Сисий бу Миср президентининг сўнгги саккиз йилда АҚШга қилган биринчи ташрифи эканлигига урғу берди. Шунингдек у Трампнинг бундай самимий муносабатини юксак қадрлашини таъкидлади ва музокараларнинг самарали бўлишига умид билдирди. 

Миср Араб Республикаси раҳбари шанба куни АҚШга ташриф буюрган, якшанба куни эса Америка ишбилармонлар доираси ва Жаҳон банки раҳбарияти вакиллари билан учрашди. Миср президентига ҳукуматнинг кўплаб вазирлари ҳамроҳлик қилишмоқда. 

Муҳокамалардаги асосий мавзулар - терроризм ва  ноқонуний миграция билан курашиш, Яқин Шарқдаги вазият, шунингдек икки томонлама муносабатлар.