АҚШ президенти Дональд Трамп агар Хитой Пхеньянга босим ўтказишни оширмаса, Шимолий Кореядан билдирилаётган ядровий хавфни бартараф этиш бўйича бир томонлама ҳаракатлар кўришидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар бермоқда

Трамп нашрга берган интервьюсида Хитой раиси Си Цзиньпин билан бўлиб ўтадиган учрашувда Шимолий Корея ядровий дастуридан таралаётган хавфни муҳокама қилишини маълум қилган. 

"Хитой Шимолий Кореяга катта таъсирга эга. Хитой бизга Шимолий Корея масаласида ёрдам бериши ёки бермаслиги ҳақида қарор қабул қилади", деб айтди Трамп ва Хитойнинг ёрдам бериш борасидаги ижобий қарор Пекинга фойда бўлшини, салбий қарор эса ҳеч кимга фойда бўлмаслигини айтди.

Бироқ Трамп Шимолий Корея муаммосини Хитойнинг ёрдамисиз ҳам эплай олишини яққол тушунтириб қўйди. Трамп Хитой Шимолий Кореяга босим ўтказиши эвазига АҚШ кейин Корея яриморолидан қўшинларини олиб чиқиб кетишини кўзда тутувчи "катта битим" имкониятини кўриб чиқиши борасидаги саволга "Агар Хитой Шимолий Корея муаммосини ҳал қилишни истамаса, биз буни ўзимиз қиламиз. Бу сизга айтадиган ҳамма гапим" деб жавоб берган.