Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 08-21-2 сон билан тасдиқланган “Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг Ягона режаси”га мувофиқ, вазирлик, қўмита, компания, банклар ҳамда турли ташкилот ва идораларнинг амалга оширган ишлари тўғрисида ахборот бериб бориши анъанага айланди. Бу яхши, албатта.

Сўнгги вақтларда ўтказилаётган тадбирларнинг савияси бироз тушиб қолгандек, назаримда, чунки тадбирни ташкиллаштираётган масъул идора вакиллари, раҳбари ёки биринчи ўринбосари, ҳеч бўлмаганда ўринбосари келиб республика оммавий ахборот воситаларига маълумот бериш орқали аҳолини хабардор қилиш ўрнига, бўлим бошлиғи ёки бўлим бошлиғининг ўринбосари келиб, нари-бери ахборот беради, холос. Аниқроқ айтадиган бўлсак, баъзилари қандай ахборот бераётганини ўзи ҳам унча тушунмайдигандек гўё. Бераётган ахбороти журналистлар томонидан тайёрланиб, аҳолига етказилишини билишармикан, деган савол туғилади. 

Мана бугун ҳам “Асака” акциядорлик тижорат банки томонидан инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш борасида амалга оширилган ишлар мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда банкнинг уч нафар ходими иштирок этди. Банкнинг лойиҳаларни молиялаштириш департаменти бўлим бошлиғи, бўлим ходими ва матбуот котиби. Энг қизиғи, департамент бўлим бошлиғи умумий айтиладиган гаплар билан амаллаб 5-7 дақиқа тақдимот қилди. ОАВ вакиллари ушбу тақдимотда нима берилаётганлигини тушунмасдан бир-бирларига қараш билан вақт ўтказишди. Савол-жавоб қисмида ўзимизга керакли бўлган маълумотни оламиз, деган хаёл ҳам натижа бермади. Журналистлар томонидан берилган саволлар жавобсиз қолди. Шунда ушбу тадбирга тайёргарлик кўрган ходим Москвага хизмат сафари билан кетгани, унинг ўрнига бошқа ходим маълумот бераётгани айтилди. Бундан ташқари, бирон соҳага ажратилаётган сумма ҳақида  сўралса, ушбу маълумот банк сири дея маълумот берилмайди. Бирон рақам ҳақида маълумот бериш ҳақида журналистлар савол берса, унга жавоб бериш мумкин бўлмаса, унда матбуот анжумани ўтказишни нима ҳожати бор? ОАВни йиғишнинг кимга кераги бор?

Бундан олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий Миллий банки томонидан ўтказилган тадбирда Банкнинг масъул ходими журналистларнинг берган саволига жавоб қайтара туриб, озроқ истеҳзо оҳангида аҳолини чорва моллари билан таъминлай олмаймиз-ку деганидек, худдики аҳолини тадбиркор қилиш учун сарфланаётган маблағлар ўзини чўнтагидан кетаётгандек, гўё. Ҳозирда шу нарсага эҳтиёж бор экан, чорва молини сотиб олиб, уни боқиб, семиртириб сотиб, чорвасини икки баробарга кўпайтиришни нимаси ёмон? Ё бўлмаса ўзини оиласини, яқинларини сут ва сут маҳсулотлари билан таъминласа, бу унинг ўзига ҳам, жамиятга ҳам фойда эмасми?!

Тоштемир МУРОД