Рўзғор ташвишида Шаҳрисабздаги “Арабон” буюм бозорини айланиб юрган қаршилик Машҳуранинг олдидан чиққан уч йигит доллар масаласида ёрдами беришлари мумкинлигини шама қилишди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

У бироз ўйланиб туриб, сўми борлиги, шуни долларга алмаштириш кераклигини айтган эди, йигитлардан ёши каттароғи “қанча оласиз!” деб сўради.

-  Кўпроқ керак эди. 102 млн. сўмга қанча доллар олсам бўлади?

-  Ҳозир айтамиз-да, опажон, - “ҳожатбарор” долларфуруш зумда калькуляторда ҳисоблади. – 16 минг 200 доллар 102 млн. 60 минг сўм бўлар экан...

Машҳура Баҳодир, Тоҳир ва Исомиддин билан танишиб олди. Уларнинг қўл телефонлари рақамини олиб, қўнғироқлашгач, пулни олиб келишини айтди.

Дарҳақиқат, орадан саккиз кун ўтиб, “Арабон” бозорига ёнига “Дамас” русумли автомашина келиб тўхтади. Машинада ҳайдовчидан ташқари икки нафар аёл ҳам бор эди. Уларни бозор ёнида турган Баҳодир шериклари Тоҳир ва Исомиддин билан қарши олишди. Аёллардан бири – Машҳура Сайфуллаева уларга ваъда қилинган пулни олиб келганини айтган эди, салондаги қора қутиларга жойланган пулларни кўриб, йигитларнинг кайфияти кўтарилди. Ахир бундай “катта савдо” ҳар куни ҳам бўлавермайди-да!

Улар дастлаб 5 минг 400 АҚШ доллари олиб келиб, Машҳура ва унинг шериги Дилдорага тутқазишди. Исомиддин телефонда ким биландир ҳовлиққанча гаплашди. Сўнг Тоҳир билан бориб, икки аёл ва икки эркакни бошлаб келди.

Аёллардан бири – шаҳрисабзлик Гулчеҳра Алиқулова ўғли, қайнукаси ва овсини билан бозорга доллар алмаштиргани келган экан. Исомиддин 37 млн. 500 минг сўм эвазига ундан 6 минг АҚШ долларини олиб, Машҳурага берди. Сўнг “Дамас”га чиқиб, 71 млн. 820 минг сўмни санаб олишди.

“Дамас”да яна анча долларга етгулик пул бор эди. Йигитлар бироз ўйланиб туришди. Кейин Баҳодир таниши Фаёзага қўнғироқ қилиб, 4 минг АҚШ доллари топиб беришни сўради. Телефонни ўчириб, Машҳурага “Янги Кеш” бозорига борамиз”, деди. Ҳаммалари “Дамас”да йўлга тушишди.

Уларни Фаррух ва Бекзод исмли йигитлар билан кутиб олган Фаёза Баҳодир билан келишиб олгач, йигитларга “Дамас”даги пулни тез санашни буюрди. Улар  “енг шимариб” ишга тушишди. Машҳура “кўки” нима бўлди, деб сўраган эди, Фаёза унинг қўлига 2 минг 200 доллар тутқазди. Сўнг қаёққадир кетиб, қути кўтарган ўсмир – Шаҳзод билан бирга қайтиб келди. Қолган 2 минг 600 долларини Машҳурага бериб, йигитларни пулларни қутиларга жойлашни буюрди.

-  Тўхтанглар, пулни обкетиб қолманглар, - йигитларни тўхтатди Машҳура. У негадир хавотирда эди. – Мен долларни қайта санаб кўришим керак, камроқ чиқди.

АҚШ долларлари қайта саналгунича, уч йигит пул солинган қути ва сумкаларни олиб, ғойиб бўлишди. Шу пайтда воқеа жойида ҳозир бўлишган департамент ходимлари “валютафуруш”ларни қўлга олишди. Уларнинг ёнида бўлган пуллар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилди.

Жиноий ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани суди Баҳодир Исроиловга энг кам иш ҳақининг 150, Исомиддин Хуррамовга 114, Тоҳиржон Тўйчиевга 80, Фаёза Назарова, Фаррух Мустафоев, Гулчеҳра Алиқуловаларга 75, вояга етмаган Шаҳзод Худойбердиевга 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади. Вояга етмаган укаси Шаҳзодни жиноят содир қилишга жалб қилган Бекзод Худойбердиевга 2 йил синов муддати белгиланди. Ашёвий далил деб топилган 19 минг 190 АҚШ доллари, 164 минг 850 Россия рубли, 40 минг сўмга тенг бўлган қозоқ тенгеси ва 4 млн. 31 минг сўм пул давлат фойдасига ўтказилди.