Санкт-Петербургдаги метро портлашига Қозоғистон фуқаросининг алоқаси борлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта. Мамлакатнинг 22 ёшли фуқароси Максим Аришевни қидириш ишлари давом этмоқда. У портлаш пайтида метрода бўлган ҳамда воқеадан сўнг алоқага чиқмай қўйган. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи сиёсат идораси матбуот котиби Ануар Жайнаков Facebook’даги саҳифасида ёзди.

Шу тариқа Жайнаков баъзи ОАВнинг Санкт-Петербургда 3 апрель куни уюштирилган теракт Қозоғистон фуқароси томонидан амалга оширилгани ҳақидаги хабарларига изоҳ берди. Аввалроқ қатор ОАВ Қозоғистон фуқароси танасидаги жароҳатлар у портлаш марказида бўлганидан далолат бериши, шу сабабдан тергов у терактга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида шубҳага боргани ҳақида хабар берганди. Шу билан бирга талабалик гувоҳномаси ва паспорт ҳам топилди. РИА Новости’нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларигдаги манбага таянган ҳолда хабар қилишича, портлаш марказида Ўрта Осиёдан бўлган шахс жасади топилган, бироқ уни террорчи деб аташга ҳали эрта.

Қозоғистон ТИВ матбуот котиби эса портлаш қурбонлари орасида ҳозирча мамлакат фуқаролари йўқ эканини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, ОАВ тақдим этган суратлардаги йигит Аришев эмас.

Жайнаковнинг аниқлик киритишича, Қозоғистоннинг Санкт-Петербургдаги бош консулига Олмаотадан бўлган Ирина Аришева қўнғироқ қилиб, портлаш содир бўлганидан сўнг ўғли – 1996 йилда туғилган Аришев Максим Витальевич алоқага чиқмай қўйганини хабар қилган. Аришев Санкт-Петербургда ўз севгилиси ва қариндошлари билан бирга истиқомат қилади. Қариндошларининг маълумотига кўра, Максим сўнгги бор 3 апрель куни 14:30да алоқага чиқиб, университетдаги дарслардан сўнг Сенная площадь бекатидан Технологический институт орқали уйига қайтаётганини хабар қилган.

"Ўйлашимча, Максим Аришевнинг Санкт-Петербургдаги терактга алоқадорлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта. Уни қидириш ишлари давом этмоқда", - дея таъкидлаб ўтди ТИВ матбуот котиби.

Жанаков ҳалок бўлганларнинг яқинларига ўз таъзиясини изҳор этган.