“Нима хоҳлаётганини билмайдиган инсон топган нарсасини қадрига етмайди”. Доно сўзлар, шундай эмасми? Дарҳақиқат, инсон эришган ютуқларига қувониши, Яратганга шукроналар айтиши учун авваламбор унда мақсад бўлиши керак. Ана ўша мақсади амалга ошсагина, ҳаётнинг нақадар ёқимли лаҳзаларга бой эканлигини англаб бораверади. Аслида нима хоҳлаётганини тўлалигича аниқлаб олиш мураккаб. Баъзида нималарнидир ният қилиб, шунга интиламиз-да, хоҳиш-истакларимиз рўёбга чиққанидан сўнг ҳақиқий мақсадимиз бу эмаслигини англаб қоламиз. Ана шундай вазиятлар инсонга мақсадни тўғри қўйиш кераклигини, хоҳиш-истак - бошқа, ҳақиқий мақсад - бошқа эканлигини ўргатади.

Кичкинтойлардан “Катта бўлганда ким бўлишни хоҳлайсан?” деб сўрасангиз, бир "учувчи" дейишса, эртаси куни "ҳарбий бўламан" деган жавобни эшитасиз. Зеро уларнинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари эндигина ривожланиб келаётган, касб-ҳунар ҳақидаги тушунчалари кундан-кунга ўзгариб, сайқалланиб бораётган давр бўлади. Улар бугун телевизордаги қўшиқчига ҳавас қилиб санъаткор бўлишни хоҳлашса, эртага ўқитувчиларига меҳр қўйиб, мураббий бўлишни истаб қолишади. Бу каби ҳолатлар боланинг  дунёқараши ўсиши ва бора-бора аниқ бир касбни танлаб, мутахассис бўлишга ҳаракат қилиши учун замин яратади. 

Бугунги кунда учраб турадиган яна бир ҳолат борки, биз унга нисбатан “Ҳа, бу ҳам нормал ҳолат, ҳали бир кун келиб ўз мақсадини аниқлаб олади-да” деб айта олмаймиз, яъни мактаб битирувчилари у ёқда турсин, касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейни тамомлаш арафасида турган йигит-қизларнинг аксарияти ҳам негадир “ким бўлишни хоҳлайсан?” деган саволга аниқ жавоб бера олмай, қийналиб қолишмоқда. Ахир уларнинг ўзлари бирор касбни танлаб, шу соҳа профессионали бўлишга ҳаракат қилишмаса, уларни мажбуран малакали шифокор ёки ўқитувчи қилиб бўлмайди-ку! 

Айнан шу масала юзасидан бир воқеани баён этсак: “Сожида ёшлигидан илм олишга меҳр қўйган, тиришқоқ ўқувчи бўлиб келган. Барча фанлардан аъло баҳолар олиб, синфнинг уддабужамиятрон ўқувчиларидан бири дея эътироф этиладиган Сожида битирувчи синф бўлса ҳамки, нима учундир аниқ бир соҳани танлай олмай қийналиб қолди. Ота-онаси “Ўз кўнглингга қара, қайси соҳада келажагингни тасаввур қилсанг, ана шуни танла” деб маслаҳат беришига қарамасдан, қизча шифокорлик ёки ҳуқуқшунослик касбларидан бирини танлай олмай иккиланмоқда. Мактабни битиргач, "Бир қарорга келдим" дея ҳуқуқшунослик соҳасига оид коллежга кирди, аммо бу соҳа ҳам унда қизиқиш уйғота олмаётганидан нолигани-нолиган. Ота-она ҳам ҳайрон - негаки, фарзандининг олий таълим соҳасига қадам қўядиган вақти ҳам тобора яқинлашиб келаётган, Сожида эса ҳали ҳам қайси касбни танлашни билмай, боши қотган”. 

Бугунги кунда кўп учрайдиган воқеалардан бири, шундай эмасми? Масаланинг бир неча жиҳати борки, уларни бирма-бир таҳлил этиб кўрмоқ лозим. Биринчидан, Сожида ёшлигидан илмга меҳр қўйгани эътироф этилганига қарамасдан, у фанларни ўзлаштиришга дангасалик қилаётгани учун ҳам, айнан қайси соҳани танлашни билмай иккиланаётган бўлиши мумкин. Ёки ҳар кимдан ҳар хил маслаҳат эшитаверганидан сўнг янада мушкул танловга тушиб қолган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бундай вазиятда энг тўғри йўл - болани ўзи қизиқиш билдирган касб мутахассислари билан суҳбатлаштириш, уларнинг фикр алмашиши ва тўғри йўлни кўрсата билишидир.

Ҳаётда қандай инсонлар кўп қийналишади, биласизми? Ўзи учун аниқ бир мақсадни белгилаб олмаган, қалби нима хоҳлашини тушунмайдиган, фақатгина бугунини ўйлаб яшайдиган ва эртанги кунини тасаввур қила олмайдиганлар, фойдали, керакли иш қилишни хоҳлайди-ю, аммо нимадан бошлашни билмайдиганлар қийналишади, азоб чекишади. Негаки, мақсад аниқ бўлсагина эртанги кунга интиламиз, умид қиламиз, ҳаракатда давом этамиз.

Инсониятга бериладиган бир маротабалик ҳаётни қандай ўтказиш кўп жиҳатлардан у танлаган йўлга, яъни касб ё ҳунарига бориб тақалади. Шундай экан, ҳар бир ота-она, фарзанд ва умуман, жамиятдан бу масалага жиддий ёндашиш талаб этилади. 


ЎзДЖТУ талабаси Комила Эгамбердиева