Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати оператив ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги департамент вакиллари билан ҳамкорликда фуқароларни хорижга ишлашга юбориш бўйича фирибгарлик тизимини фош этди. 

Sputnik Ўзбекистон сайти хизматдаги мулозим сўзларига асосланган ҳолда ёзишича, тизимни Андижон вилояти фуқароси, вақтинча ишсиз бўлган 49 ёшли С.А. (исм-шариф тергов мақсадида ошкор қилинмаяпти) Ўзбекистон фуқароларини маълум ҳақ эвазига Жанубий Кореяда ишлашга юборишда кўмак беришни ваъда қилган. 

"Жиноятчи бошқа қонунга зид усуллар билан ҳам пул топган. У пойтахтдаги айрим ОЎЮларига ўқишга кириш бўйича ноқонуний тизимлар билан фуқаролар ўртасида воситачилик ҳам қилган. Бундан ташқари, хорижий олий ўқув юртлари дипломларини Ўзбекистонда нострификация қилингани бўйича сохта сертификатлар тайёрлаш билан шуғулланган. Шу билан бирга, таъкидланишичаа, у бундан аввал икки марта божхона қонунчилигини бузгани ва ўғирлик содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган", — дея қайд этган МХХ вакили. 

Бунда жиноий тўданинг асосий бўғини 67 ёшли фарғоналик аёл У.М. бўлган. У жабрдийдаларга ўзини Тошкентдаги Корея қўшма корхонаси ходими сифатида таништирган. У.М. Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонасида танишлари борлигини айтган. Одамларни ишонтириш мақсадида қимматбаҳо либослар кийиб, қиммат тақинчоқлар тақиб юрган. Toyota Prado автомобилини бошқарган.

Албатта, бу харажатлар қармоққа илинган содда одамлар ҳисобидан қопланган. Уларнинг фирибгарлик тўрига 40дан ортиқ ўзбекистонлик илинган. Фирибгарлар Кореяга ишлаш учун кетмоқчи бўлганлардан 1-5 минг доллар пул олган. 

МХХ оператив ходимлари С.А.ни 1 минг АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олишган. Кейинроқ, унинг жиноий шериги бўлган аёл ҳам қўлга олинди. Прокуратура органлари ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексига мувофиқ жиноий иш қўзғатган. Тергов ишлари давом этмоқда.