Самарқанд вилояти Пастдарғом туманининг Гўзалкент шаҳарчаси "Камолот уйи"да яшовчилар турли қийинчиликларга дуч келишмоқда. Муаммолар ҳақида "Зарафшон" газетасида мақола эълон қилинди.

Гўзалкент шаҳарчасида 2015 йилда фойдаланишга топширилган "Камолот уйи"да 64 та ёш оила яшайди. Турли соҳаларда фаолият юритиб, юқори натижаларга эришган ёшларга бундай имконият яратилгандан барча қувонганди. Аммо ҳозир янги хонадонларга кўчиб ўтганларнинг муаммолари бир талай. Шу муаммолар юзасидан ёш оилалар ҳар икки-уч кунда пул йиғишга тушишади.

– Ярим йилдирки, биз яшаётган кўпқаватли уйнинг оқова тўпланадиган махсус жойи 15-20 кунга бормасдан тўлиб-тошади, – дейди "Камолот уйи"да яшовчи Абдумурод Сафаров. – Ана шу ҳолат бўйича туман ҳокимлигига икки бора ёзма ва оғзаки мурожаат қилдик. Лекин натижа бўлмаяпти. 

Уйда истиқомат қилаётганларнинг энг катта муаммоси – хонадонлардан чиқаётган оқова сувнинг кичик хандақда тез тўлиб қолаётгани. Ўтган вақт мобайнида оилалар бир неча марта пул йиғиб, махсус машина чақиришди. Ҳар гал 10-15 машина чиқинди олинаётгани учун 700-800 минг сўмдан пул йиғиб беришяпти. Лекин бу билан хандақдаги чиқинди ҳажми камайгани йўқ.

– Ҳар куни ишдан қайтишим билан "Яна пул йиғяпмиз", деб қўшнилар чиқишади, – дейди шу уйда яшовчи Ҳусан Суяров. – Чиқинди бетон қопқоқдан тоша бошлайди. Уй олдидаги бетон қоплама намликдан чўккан, ёмғир сувлари ертўлага оқади. Қўни-қўшни билан суҳбат мавзуси шу. Бу ерда яшаётганларнинг кўпчилиги ойлик иш ҳақларининг катта қисмини кредитга тўлашади. Яна бу "йиғ-йиғлар". 

Мавжуд муаммо юзасидан ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён бир неча бор мутасадди ташкилотларга мурожаат қилинди. Мурожаат юзасидан келган вакиллар эса одатдагидек қуруқ гапдан нарига ўтмаяпти. Амалий ёрдам йўқ. Наҳотки, бу масаланинг ечими бўлмаса, дея якун ясалади мақолага.