1973 йил Сурхондарё вилоятида туғилган Кўпайсин Садиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2015 йилнинг декабрь ойида пойтахтга ишлаш учун келиб, дуч келган юмушларни бажариб, кун кечира бошлади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Кейинчалик у Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи Ботир исмли киши билан танишди. Танишувни бир шиша ароқ билан нишонлашди. Шу-шу уларнинг ҳар галги учрашуви спиртли ичимликсиз ўтмайдиган бўлди.

Ўтган йилнинг 12 мартда куни билан ишлаб чарчаган Кўпайсин, кечки овқат тановвул қилиш учун шу атрофдаги кафега кирди. Аввалига 100 грамм ароқ буюрди. Овқатлангандан кейин “иштаҳаси очилди”, яна 200 грамм ароқ олиб ичди. Шу пайт кафега Ботир кириб келди. У Кўпайсинни кўриб хурсанд бўлиб кетди-да, ичкилик ва сигарет учун қарзга озроқ пул сўради. Кўпайсин танишининг илтимосини ерда қолдирмади. Озроқ пул берди, қўшимчасига 100 грамм ароқ билан сийлади.

Ўринларидан турганларидан кейин Ботир улфатчиликни давом эттириш учун уни уйига таклиф қилиш баробарида яна ароқ олишни илтимос қилган эди, Кўпайсин йўл-йўлакай бир шиша ароқ билан колбаса сотиб олди. Ботирнинг уйига кириб, улфатчиликни давом эттиришди. Кўп ўтмай ароқ шишаси бўшади. Икковлон яна дўконга келишди. Бир пиёладан ичишгандан кейин ораларидан гап қочди. “Ғиди-биди”, зум ўтмай жанжалга айланди. Муштлашув бошланди. Яхшигина маст бўлган Кўпайсин Ботирдан бир-икки тепки егач, аламига чидолмади. Бир четда ётган пол ювиш мосламаси (швабра)ни қўлига олиб, Ботирнинг бошига туширди. Ботир зарбдан мувозанатини йўқотди. Йиқилмади-ю, деворга суяниб қолди. Кўпайсин вақтни ўтказмай телевизорнинг симини юлиб олди ва шоша-пиша Ботирнинг бўйнига ўраб, бўға бошлади. Рақиби йиқилгач, швабра билан унинг пешонасини мўлжаллаб, зарба берди. Ботирнинг пешонасидан қон оқаётганини кўриб, баттар жазавага тушди. Ёстиқ топиб келиб, унинг юзига куч билан босди. Бу ҳам етмаганидек, бошига икки-уч марта тепди. Бу пайтда хириллаб ётган Ботир жим бўлиб қолган эди.

Кўпайсин шундан кейингига ўзига келгандек бўлди. Тўсатдан фикри бироз тиниқлашгандек бўлиб, бу ердан қуруқ қўл билан чиқиб кетмаслик пайига тушди. Хоналарни титиб, қозон, чангютгич, телевизор, эркаклар туфлиси каби, жами қиймати 1 млн. 610 минг сўмлик буюмларни олиб, хонадонни тарк этди.

У катта йўлга чиқиб, йўловчи машина тўхтатди. “Янгиобод” бозорига етиб боргач, ўғирланган буюмларни бор-йўғи 250 минг сўмга сотиб юборди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан Кўпайсин Садировга 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.