Дональд Трамп президент лавозимидаги иши учун биринчи чоракда олган маоши – 78 333 долларни АҚШ Миллий боғлар хизмати ҳисоб рақамига ўтказиб берди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Шон Спайсер маълум қилди.

"Президент биринчи чоракдаги маошини Боғлар хизматига ўтказиб берганидан фахрланади", - дея қайд этиб ўтди у тегишли чекни ички ишлар вазирлиги раҳбари Райан Зинкега топширар экан. Миллий боғлар хизмати АҚШда федерал ерлар ва фойдали қазилмаларни топиш масалалари билан шуғулланувчи ИИВ таркибига киради.

Зинкенинг айтишича, пуллар АҚШдаги фуқаролик урушига (1861-1865) бағишланган хотира мажмуаларини сақлашга йўналтирилади. 

Матбуот котибининг сўзларига кўра эса, президент бундай қарорни мустақил равишда қабул қилган, бироқ ундан аввал Оқ уйнинг ҳуқуқшуноси билан маслаҳатлашган. "У маблағлар фойдали мақсадда ишлатилишига ишонади", - дея айтиб ўтди Спайсер.