Санкт-Петербург метросида 3 апрель куни амалга оширилган теракт ижрочиси Акбаржон Жалиловнинг қариндошлари республиканинг Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан тергов қилинган.

«Қидирув-тергов ишлари доирасида Жалиловнинг ота-онаси сўроқ қилинди. Бошқа ҳеч нарса айта олмаймиз. Қирғизистон махсус хизматлари биз билан алоқада», — дейилган ҳуқуқни сақлаш органлари хабарида.

Акбаржон Жалиловнинг оиласи сўроқ қилинди. У ҳақида янги маълумотлар

Акбаржон Жалиловнинг Қирғизистондаги ҳаёти ҳақида маълумот жуда кам. У 2011 йилга қадар Ўш вилоятида яшаган. Қирғизистон фуқаролигини олмаган, чунки балоғат ёшига етмасдан Россияга кўчиб кетган ва 2011 йилда Россия фуқаролигини олган.

Тахмин қилинишича, оиланинг Россияга кетиши 2010 йилги Ўш воқеалари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ўша йили қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида низо чиқиши оқибатида 500 мингга яқин киши қочқинга айланганди. Ўш ва Жалолобод вилоятларида бир неча кун давом этган тўқнашувлар вақтида 500 нафарга яқин киши бедарак йўқолган, бир неча киши жароҳатланганди.

Кейинроқ Жалиловнинг ота-онаси ватанига қайтган, лекин унинг ўзи Россияда қолган ва ишлашда давом этган.

Жалиловнинг қўшнилари айтишича, уларнинг оиласи тинч яшаган, ҳеч қандай можароларга аралашмаган.

«Улар бу ерга 5-6 йил олдин кўчиб келишган эди. Отаси кўп йиллар давомида Россияда эди. Улар тинч оила эди, ҳеч қандай можароларга аралашмас эди. Бу оила ҳақида билганим шу», — деб изоҳ берган Жалиловлар қўшниси матбуот вакилларига.

АКИпресс хабарига кўра, айни вақтда ушбу оила истиқомат қилган уй ёпиб қўйилган.