Маълумки, жисмоний шахсларнинг даромадларни декларация асосида солиққа тортиш муносабатлари Солиқ кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар асосида тартибга солинади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 167-моддасига мувофиқ, солиқ солинадиган даромадга эга бўлган жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчилари ҳисобланади, деб хабар беради Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати

Ушбу даромадлар таркиби Солиқ кодексининг 189-моддасида кўрсатиб ўтилган бўлиб, уларга мулкий даромадлари, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса, фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида, асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги, икки ёки ундан кўп манбадан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан, солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлари декларация асосида солиқ солинадиган даромад турларига киради.

Жисмоний шахслар ушбу моддада кўрсатилган даромадлари бўйича жами йиллик декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этади. Агар жисмоний шахснинг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадидан солиқ унинг аризасига кўра энг юқори ставка асосида ушлаб қолинган бўлса, декларация тақдим этилмайди (республика ҳудудидан ташқаридаги ҳамда солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар бундан мустасно).

Жорий йилнинг 1 апрелига қадар 455 мингдан зиёд жисмоний шахслар томонидан ўтган йилда олган даромадлари бўйича солиқ декларациялари тақдим этилган.