500 мингдан кўпроқ киши АҚШ президенти Дональд Трампнинг рафиқаси Меланья Трампнинг Вашингтонга кўчиб ўтиши талаб қилинган петицияни имзолади. Гап шундаки, Меланья Трампнинг Нью-Йоркдаги Trump Tower биносида яшаши билан боғлиқ харажатлар солиқ тўловчиларга қимматга тушмоқда.

"Меланья Трампни Оқ уйда қолишга ёки харажатларни ўзи тўлашига мажбур қилиш" деб номланган арзнома Change.org сайтида чоп этилди. Айни вақтда арзнома остига 515 мингга яқин киши имзо қўйган.

"Америкалик солиқ тўловчилар биринчи хонимни Trump Tower’да ҳимоялаш учун беҳудага катта пуллар тўламоқда. Миллий қарзни қисқартиришга келсак, бу харажатлар давлат учун ижобий натижа келтирмайди ва молиялаштирилишдан кесилиши керак", дейилган арзномада.

Аввалроқ Меланья Трамп турмуш ўртоғи Дональд Трамп Оқ уйга кетгандан кейин Нью-Йоркда қолишга қарор қилгани маълум қилинганди. Бу қарор уларнинг 10 ёшли ўғиллари Бэрроннинг ўқув йилини Нью-Йоркда охиригача етказиши билан боғланган.

ОАВ маълумотларига кўра, Нью-Йоркда Трампнинг оиласи хавфсизлигини таъминлаш шаҳарнинг полиция бошқармасига ҳар куни 127 мингдан 146 минг долларгача айланмоқда.