Ўзбек футболи жамоатчилиги Самарқанднинг «Динамо» клуби собиқ футболчиси, саратон касаллигига чалинган Сирожиддин Сайфиевни қўллаб-қувватлаш акциясини бошлади. Журналист Фарҳод Норбўтаев ўз блогида «Биз сен билан, Сирожиддин!» сарлавҳали мақоласини тақдим этган.

Аслида бугун сиз ўқиётган воқеалар Сирожиддин Сайфиев билан интервью уюштирилиб, 2015 йилда оммага эълон қилиниши лозим эди. Аммо Сирожиддиннинг илтимоси билан, аниқроғи унинг «Динамо»  клуби раҳбарияти инсофга келиб, ойлик маошлари ва мукофот пулларини беришга бўлган ишончи сабаб ҳеч бир оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмаганди. Аммо куни-кеча нохуш хабар эшитдим. Сирожиддин Сайфиевнинг оёғи синганидан кейин бошидан кечирган айрим воқеаларни айтмасдан тура олмайман. Бунинг учун олдиндан Сирожиддин Сайфиевдан узр сўрайман.

Сирожиддин мени кечиринг! Сиз бошингиздан кечирган ва кечираётган қийинчиликларни бугун оммага эълон қилиш орқали «Динамо» клуби раҳбарияти томонидан сизга нисбатан ноҳақликлар қилганини айтмоқчиман. Бу ҳолатни ўқиган Ўзбекистон футбол федерацияси, Профессионал футбол лигаси ва бошқа алоқадор ташкилотлар керакли хулосани чиқариб олади деган умиддаман.

Асли ҳақиқатни ҳамма билиши керак. Зора бугун тўп тепиб оила тебратаётган ҳар бир футболчининг бошига жароҳат деб аталмиш оғир қисмат тушиши, уларга ҳам бошқа клуб раҳбарлари ноҳақлик қилмаслиги учун ҳам ёзаяпман бу воқеаларни. Зора шундан сўнг «Динамо» клуби раҳбарларининг озгина бўлсада виждони уйғониб қолса. Агар ростдан ҳам виждон бўлса, албатта.

Сирожиддин Сайфиев билан «Қинғир ишнинг қийиғи» ёхуд инқирозга юз тутаётган «Динамо» ва сохта «ведимостлар» ҳақида ҳақиқатлар» номли мақолани ёзиш арафасида Тошкентда учрашиб, суҳбатлашганман. Ушбу мақолада футболчи жароҳат олганидан сўнг клуб томонидан ҳеч қандай эътибор бўлмаётганлиги хусусида тўхталиб ўтганман. Сирожиддин клуб раҳбарияти инсофга келиб қолишини узоқ вақт кутди. Ҳамон кутмоқда.

2015 йилнинг 24 октябрь куни Олий лиганинг 24-турида Тошкентда «Локомотив»га қарши кечган ўйин Сирожиддин учун профессионал фаолиятидаги сўнгги ўйини бўлди. Ўша ўйинда ҳам у «Динамо» учун борини бериб ўйнади. Аммо 84-дақиқада содир бўлган ўша маъшум воқеа унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди.

Алам қиладигани шундаки, жароҳатдан сўнг тез тиббий ёрдам машинасида уни пойтахтдаги «Травматология ва ортопедия республика илмий текшириш институти» шифохонасига олиб келишди. Бироқ футболчининг ортидан «Динамо» клуби раҳбариятининг бирон вакили бормади.

«Оёғим синган. Оғриққа чидай олмайман. Операция бўлишини 4 соат кутиб ётдим. Бу вақт оралиғида клубнинг бирон-бир раҳбари келиб ҳолимдан хабар олиш тугул, аҳволинг яхшими деб сўрб ҳам қўймади, деб айтиб берганди Сирожиддин Сайфиев. Фақатгина ўша пайтда жамоадошим Зайниддин Тожиев менинг ёнимда турди. Бунинг учун Зайниддин акага катта раҳмат айтаман», дея эслаган футболчи.

Синган оёқда 4 соат операцияни кутиш… Буни тасаввур қилишнинг ўзи азоб. Энг ачинарлиси оғир аҳволда ётган Сирожиддиннинг ҳолидан клуб раҳбарияти нафақат тўрт соат ичида, балки ундан сўнг ҳам хабар олмаган. Хўш, «Динамо»ни бошқараётган бундай раҳбарларни ким деб аташ мумкин?

«Операциядан  сўнг турсам, палатадаги шкафчада пул турибди. Операциядан олдин отамга ҳеч кимдан пул сўраманг, клубдаги ойлигимни берса, ҳамма харажатларга етади деб айтгандим. Аммо отамнинг қаршилигига қарамай Артур Геворкян ва бошқа кўплаб футболчилар соғайиб кетишим учун пул ташлаб кетишган экан», дея эслаганди футболчи.

Ана шундай қийин аҳволда қолган пайтда клуб Сирожиддин Сайфиевнинг ойлиги тугул, жароҳат олганда тўланиши лозим бўлган пулни ҳам бермайди. Унга ажратилган суғурта пулини эшитиб очиғи, кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмай қолдим. Атиги 174 минг сўм.

«Клубга ойлигимни сўраб келганимда бош ҳисобчи сизга суғурта пули чиқардик деб 174 минг сўм ёзилган қоғозни кўрсатди. Тўғриси, бу гапни эшитиб йиғлаб юборай деганман. Суғурта пулингиз керак эмас, ойлигимни берсангиз бўлди, деганман бош ҳисобчига. У эса яна клуб раҳбариятига мурожаат қилишим кераклигини айтганди», деб эслаганди ўша вақтда у.

Сирожиддин Сайфиев каби футболчилар борлиги учун элнинг олдида кўкрагини кериб юрадиган клуб раҳбарларининг «ҳиммати»ни қаранг!!! Уларнинг бу қилмишларига нима деб изоҳ ёзишни ҳам билмайди киши.

Сирожиддин бир йил давомида ойлик маоши ва ютуқ пулларини олиш учун жуда кўп жойга мурожаат қилади. Клуб ҳомийлари биз пулни тўлаганмиз деса, клуб раҳбарлари ҳали бизга пул ташлаб берилгани йўқ деб алдаб юради. У ҳар сафар Самарқандга келганида клуб ҳуқуқшуноси Ш. Ҳотамовга, Ҳотамов клуб вице-президенти Ф. Каримовга, у эса  клубнинг спорт директори Рустам Истамовга, Истамов эса клуб ҳисобчисига, ҳисобчи эса яна клуб раҳбарига, клуб раҳбари эса футболни қўллаб-қувватлаш фонди раҳбари Бахтиёр акага учрашишини айтиб, Сирожни Тошкент-Самарқанд ўртасида «бўзчининг мокидек» қилиб қўяди.

Афсуски, бугун футболчиларни алдаб орттирган пуллар эвазига унинг исига тура олмайдиган бўлиб қолганлар ЎФФни, ЎзПФЛни ва ҳомийларни алдаган ҳолда ҳамон клубнибошқариб юришибди. Бироқ, «Динамо» клуби учун жонини берган футболчи эса минг бир азобда. Билмадим, бугун улар яна қанча самарқандлик футболчиларнинг ҳаётини издан чиқарар экан.

«Қинғир ишнинг қийиғи» ёхуд инқирозга юз тутаётган «Динамо» ва сохта «ведимостлар» ҳақида ҳақиқатлар» номли мақолани ёзиш арафасида ўша вақтда клубда тўп сурган ва ойлик маошларини ололмай юрган бир неча футболчи билан учрашдим. Шу қатори Сирожиддин Сайфиев билан ҳам. Ўша учрашувда аста-секинлик билан жароҳати тузалаётганлиги, «Футбол-МЕД»да даволанаётганлигини айтиб берди. Бироқ, жароҳат тўлиқ яхшиланаётганлигига ишонч ҳосил қилиш учун Германияга бориб келиши лозимлигини айтиб ўтди. Аммо клуб раҳбарияти ҳамон пулларини бера олмаганлиги учун Германияга бора олмаётганлигини қўшимча қилди.

Бу вақт оралиғида Сирожиддин Игнатий Нестеров Германияга тиббий кўрикдан ўтиш учун кетаётганини, унга рентген қоғозлари билан бирга жароҳат олган вазиятнинг видеоси кераклигини, имкони бўлса ўша вазият туширилган жараённи топиб беришимни сўради. Таниш-билишлардан суриштириб, унга оёғи синган жараённинг видеоси ва расмини юбордим. Шу топда ҳис қилдимки, футболчининг бу азобларини «Динамо» клуби раҳбарлари ҳеч қачон ҳис қила олишмас экан. Агар ҳис қила олишганида унга ёрдам беришар эди. Афсуски, улар пул учун инсонийликдан чиқиб, манқуртга айланиб бўлишган экан.

Ойлик маошини олиш мақсадида Тошкентдан Самарқандга келган Сирожиддин билан ҳар сафар кўришардик. Учрашувларнинг бирида у ҳамон пулларини ололмай ҳалак бўлиб юрганини, охирги чора сифатида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга мурожаат қилганини айтиб берди. Айнан шундан сўнг пайтавасига қурт тушган «Динамо» клуби раҳбари унга ойлик маоши ва мукофот пулларини беришни ваъда қилишган. Ҳатто аниқ санасини айтиб, ўша куни барча пулларини беришни айтишганди. Айтилган муддат уч-тўрт маротаба ўзгарадики, у пулларини ола билмайди. Ваҳолангки, 2012 йилда футболчининг клуб билан тузилган шартномасининг 2.4-банди ва 2014 йилда тузилган шартномасининг 2.6-бандида футболчи машғулот ва ўйин жараёнида жароҳат олса иш ҳаққи юз фоиз миқдорида тўлаб берилиши келтириб ўтилган.

Орадан бироз вақт ўтгандан сўнг Сирожиддин билан Самарқандга кўришишга келишдик. Тошкентдан йўлга чиққанда тўғри вилоят футбол федерациясига келиши ва ўша ерда гаплашиб олишишимиз лозим эди. Аммо у аввал «Динамо»га, сўнг мен билан учрашишини айтди.

У билан учрашганимда айтган гапи очиғи мени ҳайрон қолдирди. Наҳотки, клубга ғалаба келтирганингда кўкларга кўтарилган футболчи жароҳат олгандан сўнг сариқ чақага ҳам арзимай қолса деган фикр ўтди хаёлимдан.

«Фарҳод ака (у менга доимо шундай мурожаат қилади) Тошкентдан йўлга чиққанимда таксига берадиган пулдан ташқари бор йўғи 2000 сўм пулим қолганди. Сиз учрашайлик деган таклифингизга аввал «Динамо»га бориб, сўнг сиз билан учрашишни айтдим. Сабаби, агарда клуб бу сафар ҳам пулни бермаса, Самарқанддаги уйига етиб олиш учун бор йўғи 2000 сўм пулим қолганди», деб айтганди ўшанда.

Ўша куни футболчининг бахтига юқори ташкилотга қилган мурожаатидан сўнг «Навбаҳор» устидан қозонилган ғалаба учун ажратилган мукофот пулини беришган экан.

Ҳозирги кунда «Динамо» профессионал футбол клуби раҳбарияти Сирожиддин Сайфиевдан 2012 йилнинг ноябрь ойи учун 5 миллион, декабрь ойи учун 5 миллион, «Динамо» – «Машъал» (2:0) ва «Динамо» – «Нефтчи» (2:0) ўйиндаги ғалабалари учун берилиши лозим бўлган 10 миллион, 2014 йилда эса клуб томонидан ваъда қилинган ва шартномада кўрсатилган 20 миллион кўтарма пули (подъёмные) ва «Бунёдкор» – «Динамо» (0:1), «Динамо» – «Қизилқум» (2:1), «Динамо» – «Андижон» (2:0), «Динамо» – «Олмалиқ» (2:1) ўйинларида эришилган ғалаба учун ажратилган 20 миллион сўм, умумий ҳисобда 60 миллион сўмлик қарзи бор.

Одатда ҳар йилнинг якунида ҳар бир ташкилотнинг бош ҳисобчилари молия бошқармасига ходимларнинг ойлик маошлари, ташкилот ишлатган маблағ ва бошқа иқтисодий масалалар юзасидан ҳисобот топширади. Ўша ҳисоботда мавжуд камчилик ва қарздорликлар бўлса унинг ҳисоби қабул қилинмайди. Қизиқ, «Динамо» клуби бош ҳисобчиси 2012 ва 2014 йиллардаги йиллик ҳисоботни вилоят молия бошқармасидан қандай қилиб тасдиқлатиб олган экан? Ахир ўша йилларда нафақат Сирожиддиннинг балки бошқа футболчиларнинг ҳам ойлик маошлари берилмагандику? Ҳатто клуб футболчилари ойлик маошлари ва мукофот пуллари олиш мақсадида ЎФФ ва ЎзПФЛга ҳам бир неча бор мурожаат қилиб ҳам пулларини ололмаган эдику?

Клуб раҳбарияти 2017 йилнинг 1 март кунида Сирожиддин Сайфиевга юқорида қайд этилган қарзларни тўлаб беришини ваъда қилган. Мана ваъда қилган муддатдан бир ой ҳам ўтдики, ҳалигача унинг пулларини беришни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти.

Оғир аҳволда қолган футболчи тўлиқ соғайиб кетиши учун маблағ керак. Шу мақсадда клубда қолиб кетган ойлик маошлари ва мукофот пулларини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президеннинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилмоқчи эди. 31 март куни виртуал қабулхонага юбормоқчи бўлган шикоят хатини таҳрир қилиб бериш мақсадида менга юборишини айтганди. Афсуски, ўша кунги суҳбатимиздан сўнг Сирожиддин билан бошқа гаплашиш имкони бўлмади. 4 апрель куни эса интернет тармоғида унинг оғир хасталикка чалингани ҳақидаги нохуш хабарни эшитдим.

Наҳотки «Динамо» клуби раҳбарияти «ўзига хон кўланкаси майдон» бўлиб қолган бўлса? Ахир ҳар йили клубга 5-7 миллиард сўм маблағ ажратиладику? Ажратилган шунча маблағ футболчиларга берилмаган бўлса, қаерга сарфланган? Биргина 2016 йилда вилоятимизда профессионал ва оммавий футболни ривожлантириш учун ҳомий ташкилотлар томонидан ташаббус билан ўтказилган оммавий ҳашар ҳисобидан 3668.3 миллион сўм маблағ тўпланган. Ушбу маблағ «Динамо-плюс» профессионал футбол жамоаси, «Шердор» биринчи лига футбол жамоаси, Dinamo Wumen аёллар футбол жамоаси ҳамда «Нафис» мини футбол жамоаларини қўллаб-қувватлашга сарфланган. (Ажабланарли жиҳати, 2016 йилда Биринчи лигада «Динамо» клуби иштирок этган, «Шердор» клуби эса Биринчи лигада иштирок этмаган бўлсада, иккинчи лигадаги иштироки учун 150 миллион сўмлик смета қилган. Иккинчи лига жамоаси учун шунча пул-а. Бу ҳақида кейинроқ).

Наҳотки ҳар йили ҳомий ташкилотлар томонидан ташаббус билан ўтказилган оммавий ҳашар ҳисобидан «Динамо» клубига ажратиладиган миллиардлаб маблағлардан биргина футболчининг ойлик маоши ва мукофот пулларини бериш қийин иш бўлса? Агар у жароҳат сабаб фаолиятини эрта тугатмаганида ўша ололмай қолган пулларидан бошқа футболчилар каби кечиб юборармиди?

У андиша қилди. Андишани отини қўрқоққа чиқарган клуб раҳбарияти унинг пешона териси билан топган пулларини бериш ўрнига «отангга бор, онангга бор» қабилида ҳамон овора қилмоқда. Унинг оғир аҳволини эшитган бўлсада, футболчининг меҳнати эвазига топилган пулларини беришни хаёлига ҳам келтиргани йўқ.

Сирожиддин Сайфиев ҳақида эшитганим кечаги хабар мени каррахт аҳволга солди. Қадрдон акадек бўлиб қолган инсон бундай ҳолга тушиб қолганига ҳамон ишонмаяпман.

Интернет тармоғи орқали футболчини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Биз сен билан Сирож» акцияси ўтказилаётган экан. Бу ташаббусга биринчилардан бўлиб қўшилган «Локомотив» клубига тасаннолар айтса арзийди. Аслида эса, «Динамо»дан шундай ташаббусни кутгандим. Футболчи билан бўлиб ўтган шунча воқеалардан сўнг тушуниб етдимки, «Динамо»дан бундай ташаббуснинг чиқиши амри маҳол. Бу ташаббус бўлганида ўша вақтнинг ўзида амалга оширилар эди. Клуб мутасаддиларидан бир илтимосим бор, майли футболчи учун ҳеч қандай акция ўтказманг, бироқ унинг ҳалол топган 60 миллион сўмлик меҳнат ҳаққини тўлаб беринг! Шунинг ўзи клуб томонидан катта акция бўлади. Чунки, бугун унга бу пуллар сув ва ҳаводек зарур!

Сирожиддин Сайфиев – миллионлаб футбол мухлислари бугун сиз билан! Биз сизни доимо қўллаб-қувватлаймиз! Сизнинг оғир аҳволга тушуб қолган клуб раҳбарларига ҳам қилмишлари учун жавоб берадиган кунлари ҳам бордир. Миллионлаб футбол ишқибозлари сизни соғайиб кетишингиз учун дуодамиз!

P/S: Мавжуд маълумотларга кўра, «Динамо» футболчи жароҳат олган кунда уни Тошкентда 10 минг сўм билан қолдириб кетган ва ўша куниёқ у билан шартномани бекор қилган. 

Сайфиев яқинлари ёрдамида кимётерапия олгач, ўпкасидаги ўсимтанинг ярми йўқ қилинган ва касалликни ривож олиши тўхтатилган. Аммо 2016 йил унинг бошида қаттиқ оғриқ туради ва касаллик бош қисмига ўтгани маълум бўлади.

Охирги хабарларга кўра, Сирожиддин Сайфиев дўсти, бошқа бир футболчи Эркин Бойдуллаев кўмагида Москвага олиб борилган. Унинг Москвага бориб даволаниш харажатларида «Динамо»нинг ҳозирги раҳбарияти ҳам ёрдам қўлини чўзган. Москвада Сирожиддин 3—4 апрель кунлари икки мара кучли кимётерапияни бошдан ўтказган.

Шифоркорлар унинг бошидаги олти ўсимтадан 3тасини қисқартиришга эришишган. Қолган 3таси ҳозирча кичик ҳолатда. Бундай ташхис қўйилган беморнинг ҳаёти унинг организми дард билан қанчалик кураша олишига боғлиқ ҳисобланади.

Айни вақтда нашри Сирожиддин Сайфиевни қўллаб-қувватлаш учун #taslimbolmasiroj акциясини бошлаган ва унга пул йиғиш бошланган.