2016 йилда ЕИга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони аввалги йилга нисбатан 4 фоизга ўсиб, 500 млн кишини ташкил этган. Бу умумжаҳон кўрсаткичининг 40 фоизи демакдир, дейилади БМТ ҳузуридаги Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) хабарида.

"2016 йилда Европа қаршисида турган турли чақириқларга қарамай, туризм саноати яна бир бор барқарорлигини намойиш қилди ҳамда иқтисодий ўсиш, иш ўринлари барпо қилиш ва ижтимоий фаровонлик ўсишига ўз ҳиссасини қўшди", — дейилади хабарда. 

2009 йилдан буён хорижий сайёҳларнинг ЕИга ташриф буюриши 107 млн кишига ортган. 

UNWTO бош котиби Толиб Рифоийнинг қайд этишича, бугунги кунда туризм ЕИнинг иш ўринлари барпо этиш ҳамда кескин ўсиш борасидаги стратегиясининг асосий йўналишларидан биридир. 

Аввалроқ, Рифоий 2016 йил соҳа учун навбатдаги рекорд йил бўлганини таъкидлаган эди. Унинг айтишича, ўтган йили дунё бўйича 1 миллиард 235 миллион киши саёҳат қилган. бу 2015 йил кўрсаткичидан 3,9 фоизга кўп демакдир.