Бугунги кунда смартфонлар бозорида кескин рақобат кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ишлаб чиқарувчилар бор имкониятларидан фойдаланган ҳолда савдо ҳажмини оширишга ҳамда етакчилар сафидан ўрин олишга уринмоқда. Смартфонлар бозорининг бир йиллик ҳажми 420 млрд долларни ташкил этиши бу ҳолатни изоҳлайди. Айниқса, Хитой ва Ҳиндистонда бу рақобат анча жиддийлигини қайд этиш мумкин. Аҳоли фаровонлигининг ўсиши ҳамда айрим моделлар нархининг арзонлашуви аҳолининг баъзи қатламларига смартфон харид қилишларига имкон бермоқда. Ишлаб чиқарувчилар айнан шундай харидорлар учун курашмоқда. 

Маълумотларга кўра, сўнгги чоракда Хитойдаги смартфонлар савдоси 18,7 фоизга ўсиб, 135,7 млн донани ташкил этган. Бу натижа маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг фаоллашуви билан бир вақтда кузатилаяпти. Улар ўз маҳсулотларини реклама қилишга жиддий эътибор қаратишмоқда. Хусусан, Хитойнинг бошқа мамлакатларда умуман танилмаган Oppo бренди бозордаги ўрнини 3 карра мустаҳкамлаб, илк маротаба етакчига айланди ва Huawei компаниясини ортда қолдирди.

Хитойдаги смартфонлар савдоси

Шу билан бирга, таъкидланишича, iPhone савдолари тушиб бораяпти. Apple компанияси машҳурлигини йўқотиб бораётганига харидорларниг юбилей iPhone смартфони чиқишини кутаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Қизиқ жиҳати шундаки, компания Хитой бозорига кириб келганидан буён илк маротаба шундай пасайишни бошидан кечирмоқда. Бунинг сабабларидан бири маҳаллий компанияларнинг ишлаб чиқарувчиларга яқинлиги ҳамда смартфонларга янги функцияларни жорий қилаётанликлари кўрсатилмоқда. Шу йўл билан улар Samsung ва Apple каби гигант компанияларга бемалол майдон ўқимоқда. Oppo ва Vivo компаниялари савдоси кутилмаган суръатларда ўсмоқда. 

Қуйидаги рақамлар сўнгги йилда Хитой смартфонлар бозоридаги ўсиш суръатларини кўрсатади: 

Oppo:                        +133%; 
Vivo:                         +103%; 
Huawei:                     +30%; 
Samsung:                  -3%; 
Apple:                        -7%; 
Бошқа брендлар:      -10%. 

Шунга кўра, бир нарсани ишонч билан айтиш мумкинки, Хитой смартфон бозоридаги рақобат 2017 йилда янада кескинлашади. Маҳаллий компанияларнинг муваффақияти эса, биринчи галда Apple каби хорижий компанияларга салбий таъсир кўрсатади.