Қашқадарё вилоят тошқинга қарши комиссияси ҳайъат йиғилишида сув тошқинлари, сел келиши каби ҳолатлар олдини олиш, аҳоли ва ҳудудлар муҳофазасини таъминлаш хусусида сўз борди. Бу ҳақда «Қашқадарё  газетаси» ёзмоқда.

Тадбирда таъкидланишича, соҳа ходимлари томонидан тошқин ва сел келиши хавфи мавжуд бўлган ҳудудлар мунтазам равишда ўрганилиб, муҳофаза чоралари кўриб келинмоқда. Хусусан, жорий йилда вилоятдаги 12 та сув объектида фавқулодда ҳолатлар рўй бериши хавфи аниқланиб, уни бартараф этиш мақсадида белгиланган тартибда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Маълумки, тоғли ҳудудлардаги қишлоқларнинг кўпчилиги сув манбаларига яқин, деҳқончилик учун қулай сойликлар ҳудудида жойлашган. Айрим оилалар эса ўзбилармонлик билан сув йўлларига янада яқин ҳудудлардан уй қуриб олишган. Бу ҳолат бутун бир оиланинг ҳаётини хавф остида қолдиради.

Йиғилишда ана шундай ҳудудларни ўрганиб, аҳолини хавфсиз ҳудудларга кўчириш, дарё ва сув омборлари атрофидаги емирилишлар, ер чўкишларини аниқлаб, ўз вақтида муҳофаза чораларини кўриш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб олинди. Бу борада масъул ходимларга тегишли топшириқлар берилди.