Осиё давлатларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ЯИМга нисбатан рекорд даражада пасайиб кетди. Бу ҳақда Financial Times хабар бермоқда. Бундай ҳолат Хитойга хорижий сармояларнинг кескин қисқариши ва ушбу давлат компаниялари ташқи инвестициялари ортиши сабаб юз берди.

2014 йилда Осиё мамлакатларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар чиқиб кетувчи сармоялардан уч баробар кўп бўлган бўлса, 2016 йилда кўрсаткичлар деярли тенглашиб қолди.

2016 йилнинг сентябрига қадар бўлган 12 ой давомида Хитойдан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар чиқиб кетиши ЯИМнинг 2,19 фоизига тенг бўлди. Бу эса рекорд саналади. Хитойнинг Европага инвестициялари эса 77 фоизга ортиб, 35 млрд. еврони ташкил қилган бўлса, Европанинг Хитойга сармояси – 23 фоизга қисқариб, 8 млрд.ни ташкил этди.

Лондондаги TS Lombard тадқиқот фирмасининг Хитой бўлими директори Трей МакАрвернинг сўзларига кўра, Хитойдаги бизнесга бўлган муносабат «сўнгги уч-тўрт йилда кескин равишда ёмонлашган»: «У аввалгидек ўзига жалб этаётгани йўқ. Компаниялар катта эътибор берувчи - номинал ўсиш 20 фоиздан 7-8 фоизга қадар тушиб кетди». 

Бундан ташқари, МакАрвернинг таъкидлашича, «хорижий компаниялар Хитой хориж сармояларига анча ёпиқ ҳолатга келган, деб ўйлашмоқда».
 
Сингапур, Таиланд, Тайванда тўғридан-тўғри хорижий сармоялар келиши ЯИМга нисбатан тўрт йиллик минимумга қадар тушиб кетди. 

Лотин Америкасида эса 2016 йилнинг сентябрига қадар бўлган 12 ойлик даврда 2003 йилдан бери энг катта даражага етган.